40692

Шерзод Шерматов: «Биз ҳам «сигирсиз сут»ни хоҳлаётган бўлиб чиқмайлик!» + ВИДЕО

Жамият 31 май 16:14 415

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов ўзининг Facebook саҳифасида Массачусетс технологиялар институти (MIT—Massachusetts Institute of Technology) профессори Лорен Грххэм Россияда янгилик яратувчилар кўп бўлганига қарамасдан, нима учун инновациялар жорий қилишда доимо орқада қолаётгани ҳақидаги фикрини изоҳлади деб ёзади Daryo.uz

Айтилишича, Россияда (собиқ СССРда) жуда кўп янгиликлар яратилган, лекин фойдани ғарб давлатларидаги компаниялар олмоқда. Икки нафар россиялик олим лазер соҳасида Нобель мукофотини қўлга киритган, лекин Россия лазер технологиялари бозорида деярли ҳеч қандай ўринга эга эмас. Электр чироғини россиялик олим ўйлаб топган, бироқ бозор дастлаб АҚШда жорий этилган. Биринчи радио ва биринчи сунъий йўлдош Россияда (СССРда) яратилган, лекин телекоммуникация бозорида ҳам мамлакатнинг ўрни деярли йўқ. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Нега Россияда янгиликлар яратиш шунчалик яхши ривожланган бўлса-да, уларни амалиётга жорий қилиш бўйича Россия орқада қолмоқда? Профессорнинг фикрича, кўпчилик раҳбарлар ривожланиш учун айнан янги технология керак, деб ҳисоблаб келган, лекин ижтимоий-иқтисодий муҳитнинг муҳимлигини эсдан чиқарган.

Профессор бир мисолни келтиради. МIT институти вакиллари Россияга келиб университетларда учрашувлар ўтказади. Учрашувлардан бирида «Инновациялар ривожланишининг асосий омили нима? Қандай қилиб биз ҳам МIT даражасига чиқишимиз мумкин?» каби саволларга институт раҳбари «Бу Бостонда ва умуман АҚШда яратилган муҳит, яъни қонун устуворлиги, тадбиркорларнинг эркинлиги, ўз фикрини айта олиши, муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси, хато қилиб касодга учрашдан қўрқмаслик ва ҳоказо» деб жавоб берган. Россия университетлари вакиллари тушунмай, «Қандай аниқ юқори технологиялар ишлатасизлар?», «Қандай қилиб биз ҳам шундай юқори технологияларни қўллай олишимиз мумкин?» ва шу каби саволлар берган. Саволлардан МIT раҳбари таажжубга тушиб, «Сизлар «сигирсиз сут»ни сўраяпсизлар», — деган. Яъни, аввало, тегишли муҳит – экосистема яратилади (сигирни парваришлаш), кейингина инновациялар жорий этилади (яъни сигирнинг сут бериши).

«Ушбу постдан мақсад, – дейди Шерзод Шерматов. – Россиядаги аҳволнинг ёмонлигини кўрсатиш эмас. Икки давлат орасида тарихий боғлиқлик бўлгани боис Россиядаги ҳолатни мисол сифатида келтирдим. Президентимиз бир неча бор олимлар билан учрашувларда бизда ҳам инновацияларни жорий этиш билан боғлиқ ҳолатнинг ёмонлиги ҳақида таъкидлаб ўтган. Миллионлаб долларга сўнгги технологиялар олиб келингани билан, улардан фойдаланадиган олимларнинг эркин фаолият юритишига шароит яратилмаса ва ўз илмий изланишлари натижаларини бемалол эркин рақобат муҳитидаги хусусий сектор орқали ҳаётга жорий этишга имкониятлар берилмаса, биз ҳам «сигирсиз сутни» хоҳлаётган бўлиб чиқамиз».

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, Глобал инновацион индексда биринчи ўриндаги энг катта кўрсаткичлар гуруҳи бу – айнан бошқарув институтлари билан боғлиқ.

«2015 йилдаги ҳисоботнинг Ўзбекистонга тегишли қисмидан хулоса қилиш мумкинки, бу йўналишда ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. Шунинг учун, ишлаб чиқарилаётган Инновацион ривожланиш стратегиясида бу йўналишдаги ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Кўпчилик ҳалигача Инновация вазирлиги олимлар томонидан яратилган ишланмаларни сотиб бериши (коммерсиализация қилиши) керак, деган фикрда юрибди. Ваҳоланки, ҳеч қайси вазирлик тижорат билан шуғулланмаслиги керак. Давлат органларининг вазифаси айнан хусусий секторга тижоратлаштириш билан шуғулланиш учун шароит яратиб беришдан иборат», – дея ўз хулосасини билдирган вазир ўринбосари.

Шерзод Шерматов ўз постида видеодаги муҳокаманинг тўлиқ матни ҳаволаси ҳамда видеонинг тўлиқ талқинини ҳам келтирган:

Изоҳ билдириш