50560

2019 йилда солиқ тизимида нималар ўзгаради?

Иқтисод 9 январь 10:36 875

Янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашдан иборатдир.

Бироқ яқинда одамлар орасида нарх-наво кескин кўтарилиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто айрим савдо дўконларида маҳсулот нархига 20 фоизлик устама қўйилаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабарлар берилди. Хўш, бу гап-сўзлар қанчалик асосли ва улар солиқ тизимидаги янгиланишларга боғлиқми?

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳамда уларнинг интернетдаги онлайн нашри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан мулоқот уюштириб, Солиқ концепциясининг аҳамияти, бу бўйича пайдо бўлаётган масалаларга ойдинлик киритди.
Қуйида юртдошларимиз томонидан бизга ижтимоий тармоқлар орқали йўлланган саволларга берилган батафсил жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Савол: Янги солиқ кодексида ҳаёт суғуртасига ўтказилган ёки ёш оилалар учун олинган ипотека кредитини сўндиришга йўналтирилган маблағлар даромад солиғига тортиладими? Баҳром Бурҳониддинов.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни билан Солиқ кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига қарамасдан, жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари келтирилган 179-моддага ўзгартиришлар киритилмади.

2018 йилда амалда бўлган барча имтиёлар ўз кучида қолди. Жумладан, ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотлари тўловига, ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун олинган ипотека кредитлари ва фоизларни қоплашга йўналтириладиган даромадларга нисбатан солиқ имтиёзи сақлаб қолинди. Яъни мазкур даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад
солиғига тортилмайди.

Мисол учун, агар ходимга 2019 йилнинг февраль ойида 2 миллион 500 минг сўм иш ҳақи ҳисобланса-ю, ундан 1 миллион сўми ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотлари тўловига ҳамда 500 минг сўми ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олишга йўналтирилса, фақат 1 миллион 500 минг сўмдан (2500-1000) 12 фоизли ставка бўйича 180 минг сўм даромад солиғи ушлаб қолинади.

Савол: Маълумки, жамғариб бориладиган пенсия бадаллари даромад солиғи ҳисобидан ўтказилади. Лекин санъаткорлар даромад солиғидан озод этилган. Бундай ҳолатда улар пенсия жамғармасига тўлов тўлайдими?Гулҳаё Тўлаганова.

Жавоб: Солиқ кодексининг 390-моддасига мувофиқ, санъаткорлар ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ягона ижтимоий тўлов тўлайдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига асосан, фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрийлик асосида иштирок этишлари мумкин.

Савол: Фарзандларимиз олий ўқув юртида ўқийди. Ҳар йили иш ҳақимизнинг контракт тўловига ўтказилган қисмидан солиқ олинмасди. 2019 йилда ҳам бу имтиёз сақлаб қолинадими? М. Усмонова.

Жавоб: Солиқ кодексининг 179-моддаси билан белгиланган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммаларига нисбатан имтиёз сақлаб қолинди.
Яъни ушбу мақсад учун иш ҳақингиздан йўналтирилган маблағлардан фаолият кўрсатаётган иш жойингизга тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этсангиз жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинмайди.

Бундан ташқари, ўзингиз томонингиздан тўғридан-тўғри тўланган маблағлар бўйича (нақд пулда ёки пластик карта орқали) солиқ чегирмасини ихтирий равишда декларация тақдим этган ҳолда қайтариб олишингиз мумкин.

Мисол учун, агар сизга 2019 йилнинг февраль ойида 2 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланса ва 1 миллион сўм олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтирилса, фақат 1 миллион сўмдан (2000-1000) 12 фоизли ставка бўйича 120 минг сўм даромад солиғи тўлайсиз холос.

Савол: Ўзгаришлардан кейин тижорат банклари учун фойда солиғи неча фоиз қилиб белгиланди?
Шерзод Сафаров.

Жавоб: 2019 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодексининг 1591-моддасига асосан тижорат банклари учун фойда солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида белгиланди.

Изоҳ билдириш