5692

Шавкат Мирзиёев янги қарори: Ҳокимлар иш ҳақи аҳоли бандлик даражасига боғлиқ бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорда айтилишича, янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ йўналтирилган ва тизимли ишлар олиб боришда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекс ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтириш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида:

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш тизимини жорий этилади, унга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – прогноз кўрсаткичлари) бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15 фоизи миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланган тақдирда лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади.

2018 йилдан бошлаб аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари республикамиз ҳудудлари кесимида ҳар чорак бўйича тақсимланган ҳолда, тасдиқланган ҳудудий ва тармоқ ривожланиш дастурларига мувофиқ ташкил қилинадиган доимий иш ўринлари кўрсаткичларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги Аҳоли бандлиги дастурига киритилади;

аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари шаҳар ва туманлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги аҳоли бандлиги манзилли ҳудудий дастурларига киритилади.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига мукофот ёки жарима ҳажмини белгилаш учун асос бўладиган аҳоли бандлиги ўсиши кўрсаткичларини аниқлашда банд аҳоли сонининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан ўзгариши ҳисобланади;

банд аҳоли сони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаётган фуқаролар умумий сони асосида аниқланади;

маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига мукофот бериш ва уларнинг ойлик маошидан жарима ундириш ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари бажарилиши натижаларига кўра келгуси чорак давомида амалга оширилади.

Маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларини аҳоли бандлигини ошириш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича комиссия ташкил этилади.

Комиссия Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан прогноз кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимида бажарилиши тўғрисида киритилган маълумотлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига нисбатан уларни моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятини кучайтириш чораларини қўллаш ҳақидаги масалани ҳар чорак якунлари бўйича кўриб чиқади;

аҳоли бандлиги прогноз кўрсаткичларини бажариш учун моддий рағбатлантириш ва шахсий масъулиятни кучайтириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо қўллаш бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритади.

Комиссияга, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг прогноз кўрсаткичлари амалда бажарилиши динамикасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиққан асосланган таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида тасдиқланган 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсиш прогноз кўрсаткичларига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Лавозим маошларидан жарималар ундириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Комиссиянинг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида;

шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида;

иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига – иқтисодий комплекснинг республика органлари раҳбарлари қарорлари асосида.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари ўз иш фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларига улар фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни, жумладан, жойларга чиққан ҳолда тизимли ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, шу асосда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишга қатъий ва сўзсиз риоя этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари узлуксиз икки чорак давомида ёки йил давомида уч чоракда прогноз кўрсаткичлари бажарилмаганлиги тақдирда уларнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилиши ва эгаллаб турган лавозимларига нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилади.

Изоҳ билдириш