55181

Эркинжон Турдимов: Раҳбар кўпроқ халқ орасида юриши, халқнинг қозонида нима бор, музлаткичида нима бор, музлаткичи борми ўзи, деган саволларга жавоби бўлиши керак.

Ўзбекистон 9 октябрь 15:03 362

Самарқанд бу йил ҳар доимгидан ҳам кўпроқ сайёҳлар билан гавжум бўлмоқда. Шаҳарда сайёҳлар оқими кўпайиши уларга хизмат кўрсатаётган аҳоли қатламининг даромадлари кескин ошаётганидан ҳам билинади. Яқинда меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётган бир самарқандлик билан гаплашдик. У Россиядан қайтиб келгани, сайёҳларнинг қадами узилмаётгани учун энди Россияда ишлашнинг ҳожати қолмаганини айтди. Масалан, Регистон майдони атрофида яшайдиган одамлар ҳовлисининг битта хонасини меҳмонхона қилса, бу камида ўз харажатларини қоплашга етарли даромад олиб келади. Аммо Самарқанднинг имкониятлари ҳозиргидан анча юқори. Шаҳарда туризмни ривожлантириш учун қандай ишлар қилинмоқда? Сайёҳлар фақат тарихий обидаларни томоша қилиш билан чекланадими? Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб олдик, деб ёзади Кун.уз

«Тарихий қисмдаги ҳар қандай қурилиш UNESCO билан бамаслаҳат қилинади»

Самарқанднинг тарихий қисмидаги қурилишлар сабаб кўҳна шаҳар UNESCO’нинг элит рўйхатидан чиқиб қолиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар кўпайди. Ўзбекистоннинг брендига айланган Самарқанднинг бу рўйхатдан чиқиши масаласи эса нафақат шаҳар, балки бутун мамлакат учун аҳамиятли ҳисобланади. Бу борада вилоят ҳокимининг фикри билан қизиқдик.

«Ўзбекистон ҳукумати, шу жумладан Самарқанд ҳам UNESCO рўйхатида қолишни хоҳлайди. Бу ташкилот бирор шаҳарни ўз таркибига киритиш учун югурмайди, аксинча давлатлар бу ташкилотга аъзо бўлиш учун ҳаракат қилишади. UNESCO’га аъзо бўлиш бизга нима беради? Бу доимий сайёҳлар оқимини таъминлайди. Бирор шаҳарнинг UNESCO рўйхатида туриши бу ўша шаҳарнинг расман қадимий деб тан олинганидан дарак беради.

UNESCO бизга пул берадими деб сўрашлари мумкин. Агар тўғри муносабатлар шакллантирилса, бу ташкилот кичик лойиҳаларни молиялаштиришда ҳам қатнашади. Аввал бу ташкилот ҳам бизга қандайдир қаршилик қилмаган, чунки биз узоқ вақт ярим ёпиқ бўлганмиз. Ҳозир ҳам UNESCO ҳадеганда текширувчиларини юбориб қаерда қандай бино қуриляпти деб суриштириб юргани йўқ. Одамларнинг ўзи бу борада хабар бермоқда. Баъзида аслида бўлмаган ишлар ҳам UNESCO’га юборилган ҳолатлар кузатилди. Масалан, Намозгоҳ ҳудудида уйлар бузилаётгани ҳақида ташкилотдан бизга хат келди, аммо биз у ерда аслида ҳеч қайдан бино бузилмаганини кўрсатиб, вазиятни тўғрилаганмиз.

Биз Самарқанд шаҳрини борлигича сақлаб қолишимиз керак. Шаҳарнинг тарихий қисмида баланд уйлар қурилмаслиги президентимиз томонидан ҳам айтилди. Шаҳарнинг тарихий қисмидаги ҳар қандай қурилишлар фақат UNESCO билан ҳамкорликда қилинади. Бу ташкилот билан яхши муносабатлар ўрнатилганини таъкидлашим керак. Шунингдек, тарихий қисмдаги қурилишлар борасида маҳаллий аҳолига ҳам доимий хабар бериб борилади».

«Йилига 510 минг сайёҳ келиши кутиляпти, аммо бу кам»

Самарқандга келаётган сайёҳлар ўртача 2 кун қолаётгани ва улар кунига 100 АҚШ доллари миқдорида харажат қилаётгани ҳақида статистика эълон қилинганди. Вилоят ҳокимлиги бу кўрсаткичларни кўтариш учун нималар қилаётгани билан ҳам қизиқдик. Турдимов Грузия каби кичик мамлакатга йилига 8 миллион сайёҳ келиши мисолида Самарқанднинг имкониятлари жуда катта экани ҳақида гапирди.

«Биласизми, биз сайёҳлар оқими ортиши учун нима қилишимиз керак? Самарқандни борича сақлаб қолишимиз керак. Агар менда жуда катта пул бўлса, янги Нью-Йоркни ёки Бурж-Халифани қуришим мумкин, аммо ҳар қанча пулим кўп бўлса ҳам, Регистонни қура олмайман. Бу тарих, уни ҳеч ким қура олмайди. Биз мана шу биноларни борича сақлаб қолишимиз керак.

Биздан шунчаки сайёҳларга қулай шароит яратиб бериш талаб қилинади. Ҳозир 80та мамлакат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш имкони берилган. Ҳукумат даражасидаги бу ўзгаришлар эса сайёҳлар оқимининг кескин ошишига сабаб бўлди. Ўтган йил Самарқандга йил бўйи 380 минг нафар сайёҳ келган, бу 2017 йилгига қараганда икки баробар кўп дегани. Бу йил келган сайёҳлар сони эса 510 минг нафарга етиши кутилмоқда. Аммо бу ҳам Самарқанд учун кам.

Грузиянинг 4 миллион аҳолиси бор ва бу мамлакат йилига 8 миллион сайёҳни қабул қилади. Самарқандда ҳам шунча аҳоли бор ва биз ҳам сайёҳлар оқимини кўпайтиришимиз керак. Шунинг учун туристик зона қурилишини бошладик. Чунки сайёҳлар фақат тарихий биноларни кўриш билан чекланмайди-ку, тўғрими? Уларнинг кечки ҳаётни ҳам мазмунли ўтказишлари учун ҳаракат қилишимиз керак».

«Одамлар қандай қозон қайнатаётганини ҳар бир раҳбар билиши керак»

Эркинжон Турдимовдан халқнинг қандай яшаётгани, одамлар қандай қозон қайнатаётгани ҳақида кимдан маълумот олишини сўрадик. Суҳбатдошимизнинг айтишича, ёрдамчилари олиб келаётган маълумотлар учинчи манба, шу туфайли бундай маълумотларни раҳбар ўзи олиши керак.

«Албатта, халқнинг қандай қозон қайнатаётгани билан ҳар қандай раҳбар қизиқиши керак. Раҳбар кўпроқ халқ орасида юриши, халқнинг қозонида нима бор, музлаткичида нима бор, музлаткичи борми ўзи, деган саволларга жавоби бўлиши керак. Ҳар бир маҳаллага борганда олдиндан тайёрлаб қўйилган уйлар бўлади. Уларга кириб юришдан эса маъни йўқ.

Яқинда Пахтачига бордик. У ерда бир аёлнинг хонадонига кирдик, уйини уй деб бўлмайди, ёнида эса данғиллама ҳовли… Яна табақаланиш пайдо бўлаётгани унчалик ёқимли ҳолат эмас. Фақат қишлоқларда эмас, шаҳарда ҳам қийин аҳволда яшайдиганлар кўп. Биз ана ўша одамлар қандай яшаётганини билишимиз керак.

Ходимларимиз бизга яхши томонларни кўрсатишга уринади. Масалан, сиз ҳам, мен ҳам бошлиғимизга яхши нарсаларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Яна такрорлайман, биз фуқароларнинг индивидуал муаммоларини эмас, тизимли муаммоларни ҳал қилишга эътибор беришимиз керак».

«Ҳокимнинг ўзига қолса, уни тайинлаб қўйишгани яхши, аммо…»

Суҳбатдошимиздан ҳокимларнинг сайланиши қанчалик адолатни бўлиши ҳақида сўрадик. Турдимов ҳокимларнинг сайланиши амалиётига қўшилишини билдирди.

«Ҳокимнинг ўзига қолса, уни биров тайинлаб қўйгани яхши, аммо сайлангани адолатлироқ. Тайинланган одам уни тайинлаганларга, масалан Вазирлар Маҳкамасига яхши кўриниш учун уларнинг топшириқларини бажаради, сайланган одам эса уни сайлаган халқнинг манфаатларини биринчи ўринга қўяди. Менимча, ҳокимларнинг сайланиши адолатлироқ бўлади».

Изоҳ билдириш