55015

Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистон 19 сентябрь 11:22 1 148

Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати 18 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим хабарлар юзасидан баёнот берди. Баёнот матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

18 сентябрь куни интернетдаги айрим ижтимоий тармоқларда маҳаллалардаги масжидлар сони, диний либосда юрадиган, соқол қўйган, миссионерлик фаолияти билан шуғулланадиган ҳамда турли мақсадларда чет элга кетган фуқаролар сонини аниқлаш бўйича саводсизларча ёзилган хабар жойлаштирилиб, йиғилган маълумотни ички ишлар идоралари ва маҳалла жамғармасига тақдим этиш кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, хабарда гўёки ушбу кўрсатма Ўзбекистон бош вазири томонидан берилганлиги айтилган.

Шуни маълум қиламизки, бундай кўрсатма ва топшириқ Ўзбекистон бош вазири томонидан ҳам, ҳукумат томонидан ҳам берилмаган. Таъкидлаш керакки, ҳукумат раҳбарининг барча кўрсатма ва топшириқлари махсус бланкда чоп этилиб, имзо ва муҳр билан тасдиқланади.

Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушбу уйдирма ва ёлғон хабарни ким ва қандай мақсадларда тарқатгани юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур хабар сохта ва уйдирма бўлиб ҳеч қандай асос ҳамда мантиққа эга эмас. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бундай мазмундаги сохта ва ёлғон хабарларга эътибор бермасликлари ва огоҳ бўлишлари сўралади.

Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати

 

Изоҳ билдириш