54484

Ҳайдовчилар диққатига!

Технология 24 июль 10:38 1 779

Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, 22-июль кунидан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюроси вакиллари билан ҳамкорликда ЙҲҚни бузиб, жаримани белгиланган муддатда тўламаган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ (“Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби”), йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ушлаб турилади. Қанча муддатга? Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар. Бу ҳақда жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари ёзма кўрсатма беради.

Шунингдек маълум қилинишича, Тошкент ҳудудида қарздорларни автоматик тарзда аниқловчи 20 та “Автокон” комплекслари ишламоқда. Шу билан бирга, шаҳарга кириш/чиқиш ЙПХ постларида ҳам. Шу муносабат билан ЙҲҚ бузилганлик учун солинган жаримани ўз вақтида тўлашни сўраймиз. Чунки вақтида тўланмаган жаримангиз бўлса ва сиз оилангиз билан шаҳар ташқарисига дам олиш учун кетаётган бўлсангиз, сизни тўхтатиб, автомобилингизни жарима майдончасига жойлаштиришади. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўлаш тушунмовчилик ва кайфият бузилишини олдини олади, – дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш