54191

Вазир тўйга бориши ёки чойхонада ўтириши мумкин эмасми? Ўзбекистондаги энг ёш вазир атрофидаги гап-сўзлар

Долзарб | Ўзбекистон 4 июль 10:56 3 982

Шу кунларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг Фарғонада «саҳналаштирилган қабул» ўтказгани тўғрисидаги гап-сўзлар муҳокамалар марказида турибди. ЎзАда эълон қилинган мақолада айтилишича, вазир қабул баҳона қариндошининг тўйига борган. Энг қизиғи, қабулдан сўнг иш билан таъминланганларнинг айримлари аслида иш билан таъминланмаган, айрим ишлилар яна ўша ишига «жойлаштирилган».

Ушбу мақоладан қисқача келтирамиз:

– Бизга 2-3 тадан одам олиб келасан вазир қабулига, деган топшириқ беришди, – дейди туманларнинг бири бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлими раҳбари. – Кудбиев ва ўринбосари бир-икки соатда биз олиб келган одамлар билан гаплашиб бўлди.
Натижа-чи, дерсиз. Мана расмий натижа: “11 та шаҳар туманда яшовчи 53 фуқаро мурожаати тингланиб, уларнинг 11 нафари ишга жойлаштирилди”.
– Мен ўзим ва эрим учун иш сўраганман. Вазирдан умидим катта эди. Менга ҳам, рафиқамга ҳам иш берилмади. Нима эмиш, Қўқон шаҳар ободонлаштириш идорасига айтиб эримга мавсумий, икки ойлик ишга тавсия этишармиш. Ахир уч нафар болаларим бор. Уларнинг биттаси ногирон, – деди Зироатхон Мўминова. – Аммо ўша иш ҳам бўлгани йўқ. Маълумотномага эса бундай ёзилган: “Мўминов Олимжон шаҳар 47-Райҳон МФЙга 28.06.2019 йил 65/1-сон буйруқ билан жамоат ишларига жалб қилинди”.
– Мени туман бандликдаги йигит Фарғонага олиб борди. Бўлди, сиз ишга қабул қилиндингиз, дейишди. Роса қувондим. Лекин амалда ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ, – дейди Гулбаҳор Мирзаматова. Маълумотномадаги ёзув: “Туман тез тиббий ёрдам бўлимига санитарка лавозимига 28.06.2019 йил №135-сон буйруқ билан ишга жойлаштирилди”. 
Мурожаатчи Зарифа Холмуҳамедова ва Зиёда Шамсутдинова “Марғилондаги 6 мактабгача тарбия муассасасига 28.06.2019 йилги № 25-сон буйруқ билан тарбиячи вазифасига ишга жойлаштирилган”. Аниқлаган ҳолатда эса Зарифа Холмуҳамедова бу болалар муассасига 2019 йил 1 март куни № 11-сон буйруққа асосан ишга олинган, Зиёда Шамсутдинова эса 2018 йил 1 февралдан буён ишлар экан…
– Мудирамиз меҳнат бўлимига ёрдам бериб келасизлар, деб жўнатган эди. У ерда бизга меҳнат вазири келяпти, унга иш сўраб келдим дейсизлар, бўлди вассалом, деб Фарғонага олиб боришди вазирлик тизими вакиллари. Яна ишимиздан айрилиб қолмайлик, деб ноилож бориб Кудбиев ва унинг ўринбосарига учрашдик…
– Вазир Фарғонага аслида ишсизларни қабул қилиш учун келгани йўқ. Шу куни унинг Водилдаги аммасининг ўғли тўй қилаётганди. Қабул баҳона эди холос, – дейди айнан унга ҳамроҳ бўлган вазирлик тизими мулозимларидан бири.
Бироқ бугун ЎзАнинг материалига яна бироз қўшимчалар киритилибди. Қўшилган хатбоши қуйидагича: 
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақола юзасидан берган баёнотида эса айрим фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилмаганлиги ҳамда қабул натижалари хақиқатдан узоқ эканлиги, ўтказилган тадбирда аҳолидан тушган мурожаатлар натижасига Фарғона вилояти Бандлик бошқармаси расман жавобгар эканлиги, келиб тушган ҳар бир мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ текшируви олиб борилиши таъкидланади.
Шу ўринда блогер ва журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг эслатишича, ўтган йил мартда Президент ўтказган бир селектордан сўнг тарқалган аудиода «Бош вазирдан бошлаб ҳокимгача барча ижро органлари раҳбарларининг тўй-маросимларга бориши маън этилади. Чойхоналарнинг олдида давлат машинаси турганини кўрган куним ўшани ишдан олиб ташлайман, жавобгарликка тортаман», — деган гап бор эди.
Шерзод Кудбиев (1981 й.т) 2018 йилнинг апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланганди. Ўзбекистондаги энг ёш вазир.
Изоҳ билдириш