2019 йил 28 июнь куни соат 08:30 ларда Гулистон шаҳар ИИБга тушган хабарга кўра, Гулистон шаҳар 3-мавзе, «Обод юрт» маҳалласи 35-уй, 3-хонадонда яшовчи 1997 йилда туғилган Асилбек Шаробиддиновнинг танасини бўйин, қўл, олд ва орқа қисмларида кўплаб, санчиб-кесилган жароҳатлари билан мурдаси топилган эди. Сирдарё вилояти ИИБ матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Дастлабки тергов олди текшириш ҳаракатлари давомида, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва уй ичидаги тартибсизликдан келиб чиқиб, ушбу жиноятни икки нафар номаълум шахс босқинчилик мақсадида содир қилинганлиги тахмин этилиб, уларга нисбатан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, А.Шаробиддиновни яқин қариндоши, вояга етмаган Р.Г. ўзаро келиб чиққан жанжал негизида ошхона пичоғи билан уриб, тан жароҳати етказиб, ўлдирган. А.Шаробиддиновни телефони ва жиноят содир қилиш вақтида ишлатилган ошхона пичоғини жиноят содир этилган уй яқинидаги «Дўстлик» каналига ташлаб юборганлиги аниқланган.

Ҳозирги вақтида жиноят иши бўйича далилий ашёлар олинган ва вояга етмаган Р.Г.га нисбатан эҳтиёт чораси сифатида «қамоққа олиш» қўлланилган.