54178

Бош прокуратура тизимида бир қатор тайинловлар амалга оширилди

Ўзбекистон 4 июль 10:07 867
Фото: Бош прокуратура:

Ўзбекистон Бош прокурорининг буйруғига асосан Нодирбек Бойтемиров Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Нодирбек Бойтемиров 1973 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1995 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1995 йилда Фарғона шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси сифатида бошлаб, прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Бош прокуратура ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи, Хоразм вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Олий Мажлис Сенати девони бўлим мудири лавозимида ишлаган.

Содиқжон Назаров эса Бош прокуратураси Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Содиқжон Назаров 1961 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1985 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1992 йилда Сирдарё тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи сифатида бошлаб, Шароф Рашидов, Ховос, Сардоба, Сайхунобод туманлари прокурори, Бош прокуратура ва Сирдарё вилоят прокуратурасининг турли лавозимларида фаолият олиб борган.

Тайинлангунга қадар Сирдарё вилояти прокуратураси фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Шавкатжон Раҳимов Қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи, Содиқжон Бердиалиев Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимларига тайинланди.

Изоҳ билдириш