54050

«Мен ўзгардим» – Гулнора Каримова президентга мурожаат қилиб, халқдан кечирим сўради

Ўзбекистон 25 июнь 13:07 2 333

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова 6 йил деганда илк марта халққа мурожаат қилди.

Унинг қизи Имон Каримова инстаграмдаги саҳифасида онасига тегишли эканлиги тахмин қилинган ва ҳозирда ўчирилган аккаунтдан (@gulnarakarimovaupdates) олинган баёнотни жойлаштирди. Kun.uz  ушбу мурожаатнинг ўзбекча таржимасини эълон қилди:

«Бу менинг 6 йил ичидаги илк мурожаатим. Мен учун дуо қилганларга раҳмат дейман. Фамилиямнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда билиб-билмай қилган ишларим ҳақида ўйлаб олиш учун менда етарлича вақт бўлди. Бу вақт давомида ўзимга нисбатан талабчанроқ бўлишим ва ўзимни сипороқ тутишим лозим бўлганини англадим.

Ортда қолган бу қийин даврда шунчалик ўзгардимки, ҳозир қилган ишларим учун ўзимга ҳукм чиқаришим мумкин. Мен бутун халқдан, мени тушунган ва ҳурмат қилган барчадан кечирим сўрайман. Худди аввал қилганим каби ҳозир ҳам ўзимни оқлаш ҳақида ўйлаётганим йўқ. Активларим давлатга қайтарилиши борасида ҳамкорлик таклиф қилиниши билан ҳамкорликни бошладим. Бу пуллар Ватаним ривожига катта ҳисса қўшади деб ўйлайман.

Прокуратура менинг давлатга қайтарилган активларим қиймати ҳақида аниқ маълумот бермаётган бўлса ҳам, мен бу ҳақда протокол учун айтишим мумкин. Мамлакат ҳудудида бўлган 1,2 миллиард АҚШ доллари қийматидаги активларим аллақачон менинг назоратимдан чиқиб кетган ва давлат бюджети фойдаси учун ишламоқда.

Швейцариядаги музлатилган ҳисоб рақамларидаги пуллар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу фақат мен билан ҳал бўладиган иш эмас. Менинг Ўзбекистондаги корхоналаримда ишлаган 15 минг одам ёрдамида топилган бу пулларга бошқа давлатлар ҳам даъво қилмоқда.

Мен ва адвокатларим 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар қайтарилиши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. 555 миллион долларлик бошқа сумма учун ҳам ҳаракатни бошлаганмиз.

Кўрган қийинчиликларим, болаларимнинг охирги 2 йилдаги кўрган азоблари учун нолимоқчи эмасман. Менинг ишимни олиб борганларнинг кўпига ҳукм чиқарилди. Ўзининг ташкилоти номидан қўлидан келмайдиган ваъдаларни берганлар эса иш жойини ўзгартириб кетди. Масалан, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Шавкат Умрзоқов. Прокуратуранинг бошқа ходимлари эса ҳозир ҳам менинг устимдан назорат ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда.

Айни дамда мени саломатлигим билан боғлиқ муаммо қийнамоқда. Иккита операцияни ўтказишим зарурияти Президентга мурожаат қилишга мажбур қилди. Мен ҳақимда ёлғон маълумот тарқатганлардан фарқли ўлароқ халқ менинг мамлакатдаги энг катта қора куч эмаслигимни билишига умид қиламан ва бунга ишонаман. Мен ягона боқувчиси ҳисобланган фарзандларим онаси билан бирга бўлишга ҳақли. Айниқса давлатга хиёнат ва терроризмда айбланган аёллар оиласига қайтаётган бир вақтда. Юрак пороги билан туғилган қизим айниқса кўп қийналди.

Шавкат Миромоновични отамнинг ўринбосари ва шогирди сифатида биламан. У бу ҳақда халққа мурожаатларидан бирида айтганди. У билан «Келажак овози», «Янги авлод», «Асрлар садоси» ва яна кўплаб лойиҳаларда бирга ишлаганмиз. Унинг бағрикенглигига умид қилган ҳолда тез орада болаларим билан кўришиш имкони бўлади деб ўйлайман.

Бундан ташқари мен чин дилдан севган ва юрак уриши отамнинг қилган ишлари билан боғлиқ бўлган Ватаним учун хизмат қилишга тайёрман. Мен қонунларимизга ишонаман»,- деб мурожаатини якунлаган Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланмоқда.

Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш муддати аниқ эмас.

Изоҳ билдириш