54047

ЙПХ ходимларининг боди-камералар билан фаолият юритиши 2020 йилгача кечиктирилиши мумкин

Технология 25 июнь 12:48 441

2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари мобил видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган эди.

Бироқ, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, ушбу тартиб 2020 йилгача кечиктирилиши мумкин.

«Буни қарангки, regulation.gov.uz порталидаги бир лойиҳа назаримиздан четда қолган экан. 14 июнь куни Ички ишлар вазирлиги томонидан порталга Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойлаштирилибди. Лойиҳа ВМнинг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритишни назарда тутмоқда.

Унга кўра, мобил видеокамерага оид талаблар 2019 йил 1 июлдан эмас, балки 2020 йил 1 январдан кучга киришини белгилашмоқчи.

Бу нима дегани, биласизми? Бу Ҳукумат қарорлари қай даражада ўйинчоқ бўлиб қолганини кўрсатади. Ким нимани хоҳласа, шуни қиляпти. Ҳозир хоҳласа 2020 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа 2030 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа бутунлай бекор қилиб юборишади.

Ҳукумат қарорини ўз муддатида бажаришни эплай олишмадими, унда ҳадеб қарорларни ўйинчоқ қилавермасдан, тинчгина айбни тан олиб, узр сўраб, келган жойидан давом эттирса бўлмайдими?», — деб ёзади ҳуқуқшунос.

«Видеоларни ГАИни рухсати билан жойлайсиз»

Ҳуқуқшунос муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида кўзда тутилаётган яна бир муҳим тартиб ҳақида ҳам эслатиб ўтди:

«Бундан ташқари ИИВ ўз лойиҳасида янада ажойиб ўзгаришларни таклиф этилмоқда.

Жумладан, ҳайдовчилар ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага ЙПХ ходими билан ўзаро муносабати қайд қилинган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига рухсатсиз жойлаштирмаслиги ҳақида талабни қўшишмоқда. Бунинг учун ўша ЙПХ ходимидан рухсат олиш керак эмиш.

Бу нима учун қилиняпти, ЙПХ ходимларининг хатолари, қонунга хилоф ҳаракатларини бировлар кўрмаслиги учунми? ЙПХ ходими давлат идорасининг вакили ҳисобланади ва жамоатчилик назорати нуқтаи назаридан унинг ҳаракатлари оммавий эълон қилиниши мумкин. Бу фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқ.

Хўп, ўша видеони Интернетга ўзимас, ўртоғи жойлаштирди, унда нима бўлади? Хўп, ўша видеони ўзи жойлаштирди, ундачи, унда нима бўлади? Жарима солинадими? Қайси модда билан? Бу саволларнинг бирортасига жавоб йўқ.

Хуллас, Ички ишлар вазирлигининг бир-биридан ажойиб таклифлари акс этган лойиҳа 29 июнгача муҳокама қилинади. Сиз ҳам муҳокамада қатнашинг ва фикрларингизни қолдиринг» , — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Изоҳ билдириш