53650

Путин келажакда ким жаҳон ҳукмдори бўлишини айтди

Дунё 30 май 20:49 3 003

Россия президенти Владимир Путин Москвадаги 21-дастурлаш мактабига ташрифи давомида “Сунъий идрок”ни ривожлантириш келажакда қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини айтди, РИА Новости хабарига асосан.

“Сунъий идрок механизмлари, қисқа вақт ичида улкан ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиб,  реал вақтда тезкор қарор қабул қилиш имкониятини беради. Бу эса улкан устуворлик ва самаралик дегани. Агар келажакда бирор ким сунъий идрок соҳасида монополияга эриша олса, бунинг натижаси аён – у дунё ҳукмдори бўлади”, – деди Россия президенти.

Владимир Путин айтишига кўра, технологик етакчилик учун кураш, авваломбор сунъий идрок соҳасида – аллақачон глобал конкуренция майдонига айланган. Ушбу соҳада янги маҳсулотлар яратиш – геометрик прогрессия масштабида содир бўлмоқда.

Россия президенти сўзларига кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатлари сунъий идрок соҳасида аллақачон ўз стратегиясини қабул қилган. Ушбу соҳада қилинган ҳар бир ихтиро иқтисод, бошқарув, соғлиқни сақлаш ва инсонлар кундалик ҳаётида мисли кўрилмаган даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

“Биз ҳам сунъий идрок соҳасида ўзимизнинг технологик суверенитетимизга эга бўлишимиз керак. Бу келажакда бизнинг бизнес, иқтисод, ҳаётимиз сифати ва мудофаа қобилиятимизнинг ўта муҳим шартидир”, – деди Путин.

Россия президенти сунъий интеллект нафақат бирор тор соҳага тааллуқли бўлиши, балким инсон мияси каби ишлайдиган, улкан самарали универсал ечимлардан иборат бўлиши кераклигини таъкидлади.

 

Изоҳ билдириш