53590

Маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими жорий этилади

Иқтисод 30 май 8:11 155

Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро стандартлар талабларига асосланган маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими жорий этилади.

Маҳсулотларни экологик маркировкалаш аккредитациядан ўтказилган экологик маркировкалаш органлари томонидан амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш, фойдаланиш, истеъмол қилиш, ташиш, сақлаш ва утилизация қилишда атроф-муҳитга, аҳоли соғлиғига ва биологик ресурсларга энг кам зарарли таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар экологик маркировкалаш объекти ҳисобланади.

Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тўғрисида сертификат олингандан кейин ўз маҳсулотларини ихтиёрий асосда экологик хавфсизлик белгиси билан маркировкалайдилар.

Сертификат мавжуд бўлмаган тақдирда маҳсулот номида, ўрамида, товарга илова қилинадиган ҳужжатларда ва маҳсулотни реклама қилишда “эко” ва “eкo” сўзларидан фойдаланиш тақиқланади.

Дори воситалари, ветеринария препаратлари, тиббий буюмлар, таркибида заҳарли, мутаген, канцероген, атроф-муҳит учун хавфли деб таснифланган моддалар, препаратлар ва аралашмалар мавжуд бўлган товарлар ихтиёрий экологик маркировкаланмайди.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш соҳасида ишларни ташкил этиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Қарор билан Ўзбекистонда маҳсулотларни ихтиёрий маркировкалаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Изоҳ билдириш