53421

«Тонировка» учун жарима миқдори кескин оширилди

Технология 24 май 11:28 798
Фото: Asr.Uz

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

126-модданинг (Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, –

энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (аввал – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида).

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

энг кам иш ҳақининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (аввал – энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида)».

Изоҳ билдириш