53262

Ипотека кредитлари Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб янги шартларда ажратилади

Ўзбекистон 14 май 9:02 2 341

 

Ҳужжатда кўрсатилган шартлар қуйидагилардан иборат:

а) Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи банкларга ажратилаётган кредит ресурслари ҳамда аҳолига берилаётган ипотека кредитлари бўйича имтиёзли даврни 1 йилгача қисқартириш;

кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгилаш;

ипотека кредитлари фоизларини аннуитет тўловлари формуласи бўйича ҳисоблаш тартибини татбиқ этиш (ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ тўловни ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади);

б) қонун ҳужжатларида белгиланган малакавий талабларга жавоб берадиган юридик шахсларга мақсадли дастурларни амалга оширишда буюртмачи ёки бош пудратчи сифатида қатнашиш ҳуқуқини бериш;

в) мақсадли дастурларни амалга оширишда иштирок этаётган тижорат банклари сонини ошириш;

г) мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида уй-жойлар ва квартираларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун кредитлар бериш.

2020 йил 1 январдан бошлаб мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги имтиёзлар бекор қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 декабрга қадар мақсадли дастурларни амалга ошириш самарадорлигини ҳар томонлама баҳолаш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида қуйидагилар бўйича таклифлар киритиш топширилди:

а) қуйидагиларнинг амал қилишини бекор қилиш:

бош пудрат ташкилотлари, пудрат ташкилотлари ва субпудрат ташкилотларига, қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспорти ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, шунингдек, уларни ташишда қатнашадиган ташкилотлар, ишлар (хизмат) кўрсатиш корхоналарига берилган солиқ имтиёзлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари);

жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар;

б) якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 миллион сўмдан ошмаган тақдирда, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтириладиган ва солиқ солинадиган жисмоний шахслар ва улар оила аъзоларининг (бирга қарз олувчилар) жами 15 миллион сўмгача бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси солиқ даври давомида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини кўзда тутувчи тартибни ўрнатиш;

в) бекор қилинаётган солиқ имтиёзлари ўрнига уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар ва қонун билан белгиланадиган фуқароларнинг бошқа тоифаларига ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларни тўлаш учун субсидиялар бериш.

Изоҳ билдириш