53217

«Toshkent Avto Agent» 112 кишини «млрд»ларга чув туширди

Ўзбекистон 7 май 23:18 1 276

Бугун мамлакатимизда ишлайман, қобилиятимни юзага чиқараман, юртим фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшаман, деган инсон учун барча шарт-шароит ва имкониятлар муҳайё қилинган.

Аммо ҳаётда ҳамма ҳам яратилган имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланаяпти, деб бўлмайди. Буни наманганлик Аброр Мансуровнинг қилмишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айтиш керакки, жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2013 йил 26 мартдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а»-банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш) билан айбдор деб топилиб, амнистия актига биноан жазодан озод қилинган бу кимса 2 йиллик «танаффус»дан сўнг яна нафс гирдобига тушиб қолди. Тушгандаям оз мунча эмас, Жиноят кодексининг нақд 7 та моддасида назарда тутилган жиноятлар билан ўз умр дафтарини «безади».

Гап шундаки, Аброр дастлаб 2015 йил 5 мартда пойтахтимизнинг Сирғали туманида «TOSHKENT AVTO AGENT» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, давлат рўйхатидан ўтказади. Кейин эса, тадбиркор ниқоби остида фирибгарлигини Нукус шаҳридан бошлади.

— Сизга 3 йил давомида йилига ўн икки фоиз ҳақ тўлаш шарти билан «Кобальт» автомашинасини олиб бераман, — дейди у 2015 йил 15 февраль куни масъулияти чекланган жамиятнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиалига мурожаат қилган фуқаро Шокир Гаиповга. — Фақат машина нархининг ўттиз фоизини, бир марталик хизмат кўрсатиш тўлови: йўл фонди, суғурта, нотариус ва «МРО» орқали расмийлаштириш харажатларини олдиндан тўлашингиз керак.

Унинг асл ниятидан бехабар Ш.Гаипов «TOSHKENT AVTO AGENT» масъулияти чекланган жамияти билан ижара шартномасини имзолашга рози бўлади. Натижада харидор 2015 йил 18 февраль куни жамият ҳисоб рақамига 27.972.146 сўм миқдорида пул тўлайди. Лекин А.Мансуров берган ваъдасини бажармай, қўлга киритилган пулларни шахсий манфаатларига ишлатиб юборади. Буёғини сўрасангиз, Шокир Гаипов Нукусда Аброрнинг фириб тўрига илинган ягона шахс эмасди. Негаки, «қаҳрамон»имиз Адилбек Калбаевни сал бошқачароқ тарзда чув туширади. Аниқроғи, у 2015 йил 22 октябрда Адилбекка 2 йил муддатда 12 фоиздан устама тўлаш шарти билан «Ласетти» русумли автомашинани олиб беришга ваъда беради. Унинг қуюқ ваъдасига ишонган Адилбек эса, тезда 20.702.000 сўм миқдоридаги дастлабки тўловни амалга оширади. 2016 йил 22 февралдан 2016 йил 7 декабрга қадар жамият ҳисоб рақамига яна 24.284.500 сўм ўтказади. Бироқ ҳадеганда автомашинадан дарак бўлавермагач, Адилбек Тошкентга — Аброр Мансуровнинг иш жойига боради. Бу орада, 2016 йил 18 ноябрда А.Мансуров ўз қилмишларини хаспўшлаш учун «TOSHKENT AVTO AGENT» масъулияти чекланган жамиятини қайта давлат рўйхатидан ўтказишга ҳам улгуради.

— Анчадан буён бизга «Ласетти» машинасига лимит беришмаяпти. Шу боис сизнинг ишингиз муаммо бўлаяпти. Хоҳласангиз, ўрнига бозордан янги «Кобальт» олиб бераман. Яна ўзингиз биласиз, — дея Аброр уни яна алдай бошлайди.

Адилбек ишонувчан ва содда йигит, шу боис у яна фирибгарнинг алдовига лаққа тушади. Бундан фойдаланган фирибгар Адилбекдан «Кобальт» русумли автомашинага метан газ балони, ўриндиқларига қоплама ва оёқ ости мосламаларини ўрнатиш учун яна 3.830.000 сўм олади. Аммо бу пулларни ҳам у ўзининг эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Наманганлик Мирзоҳид Ҳабибуллаев ҳам автомашина оламан, дея яхши ниятда юрганди. Лекин Мирзоҳид масъулияти чекланган жамиятнинг Наманган шаҳридаги филиалига мурожаат қилаётганида устаси фаранг фирибгарга рўбарў келишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Пировардида А.Мансуров 2016 йил 7 январь куни унга 3 йил муддатда лизинг шартномаси асосида «Малибу» русумли автомашина олиб беришга ваъда қилади ва масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига бошланғич бадал сифатида 36.500.000 сўм тўлатишга эришади. Бироқ, бу ҳам аввалгилари сингари қуруқ ваъдалигича қолиб кетаверди.

Шу тариқа Аброр Мансуров 2015 йил февраль ойидан 2018 йилнинг августига қадар 112 нафар фуқарони салкам 3,1 миллиард сўмга чув туширди. Улар орасида энг катта жабр кўрган бу — Сурхондарё вилоятидаги «Жарқўрғон сифат таъмир қурилиш» хусусий корхонаси раҳбари З.Нормуратов бў¬либ чиқди. Унга 2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган №AV-1-2017-0045-сонли лизинг шартномасига асосан Аброр бир йил муддатда «Асфальтоукладчик WM-6 HES» русумли техника воситасини олиб беришини айтади.

Шунга мувофиқ, З.Нормуратов 30 фоизлик бошланғич бадал сифатида «TOSHKENT AVTO AGENT» масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига 245.000.000 сўм ўтказади. Охир-оқибат эса, у шунча пулга куйиб қолаверди.

Бундан ташқари А.Мансуров банк кредити эвазига сотиб олинган 357.000.000 сўмлик ичимлик сувини қуйиш технологияси ва Наманган шаҳрида жойлашган, масъулияти чекланган жамияти балансида бўлган маъмурий бинони сотишдан тушган 200.000.000 сўм ҳамда фуқаролардан қабул қилинган 18.600.000 сўм нақд пулни банкка топширмаган, жамият ходимларига корпоратив карталардан сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҳисобланган 94.168.200 сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Қолаверса, ана шу ҳаракатлари билан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузган. Бундан ташқари бу фирибгар кимса ўз айбини хаспўшлаш мақсадида «TOSHKENT AVTO AGENT» масъулияти чекланган жамияти балансида бўлган бир неча турдаги компьютер техникалари, мебель ва жиҳозларни жамиятнинг вилоятлардаги филиалларига берилганлиги ҳақидаги сохта маълумотномаларни тафтишчиларга тақдим қилган. Қисқаси, қонун ҳимоячилари А.Мансуровнинг барча кирдикорларини фош этишди. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б», «в»-бандлари (эски таҳрирдаги), 168-моддаси 3-қисми «б»-банди (эски таҳрирдаги), 168-моддаси 3-қисми «а», «б»-бандлари, 168-моддаси 4-қисми «а»-банди, 179-моддаси, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 19211-моддаси 2-қисми «а»-банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б»-бандлари, 228-моддаси 3-қисми ва 243-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши материалларидан яна шу нарса аён бўлдики, фирибгар аксарият жабрланувчиларни «Бизга «GM Uzbekistаn» автомашина ажратмаяпти», баъзан эса, «Банк кредит бермаяпти», деган ёлғон важ билан алдаб келган. Ўз ҳақини талаб қилиб келган айрим фуқароларга олган пулини тез орада қайтариб бериш ҳақи-да кафолат хати ёзиб берган. Бироқ, ҳаммаси қуруқ ваъдалигича қолиб кетган. Бинобарин, ушбу ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Аброр Мансуровни Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари билан айбдор деб топиб, узил-кесил 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 (тўрт юз) баравари — 73.720.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади. Энг муҳими, суд ҳукмида Фуқаролик кодексининг 587-599-моддалари талабидан келиб чиқиб, А.Мансуровдан жабрланувчиларга етказилган 1,9 миллиард сўм ва 1100 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни ундириш, жамият балансидаги баҳоси 678,7 миллион сўмлик 10 та автомашинани келтирилган зарарларни қоплашга қаратиш, жиноят предмети саналган 4 та автомашинани қонуний эгаларига қайтариш, яна жиноят предмети деб топилган 17 та автомашинани жабрланувчиларнинг номига расмийлаштириш ҳам ўз ифодасини топди.

Энди ҳақли савол туғилади: хўш, Аброр Мансуров шунча кишини алдаш эвазига миллиардлаб пул топиб нимага эришди? Ахир, «Сувники — сувга, ўтники —  ўтга, фақат қатиқнинг пули ёнга қолди», деганларидек, фирибгарлик билан қўлга киритилган пуллар суд ҳукмига кўра, ўз эгаларига қайтарилди-ку?! Айбдорнинг охир-оқибат топгани эса, саккиз ярим йиллик озодликдан маҳрум қилиш ва миллионлаб жарима жазоси бўлди, холос. Умид қиламизки, ана шу жазолар у сингари тўғри йўлдан адашганларга тегишли ху¬лоса чиқариб олишлари учун етарли бўлса керак.

Шуҳрат БАКАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сергели туман судининг раиси

Изоҳ билдириш