52962

Тез ёрдамни ўтказиб юбориб қоидани буздим: жарима солинадими?

Технология 30 апрель 14:59 1 201

Ижтимоий тармоқлардаги ва телеграм-гуруҳлардаги кўплаб фикрларга кўра Тошкент ҳайдовчиларини қуйидаги масала қийнамоқда: олдинда стоп-линия (сидирға чизиқ ва ҳ.к.) бўлса, лекин сиренаси ёқилган тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар органлари машиналарини ўтказиб юбормоқчи бўлганингизда нима қилиш керак? Бир жаримани тўламаслик учун жойдан силжимаганда бошқа жаримага йўлиқиш мумкин. Ҳа, тўсқинликсиз ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлганларни ўтказиб юбормаганингиз учун жарима солинади.

Ушбу ҳолат билан боғлиқ ҳамма маълумотларни навбат билан ўрганиб чиқамиз. Қуйидаги ҳолатни тасаввур қилайлик: сиз автоматлаштирилган қайд қилиш камералари остида сиренаси ёқилган махсус автомобилни ўтказа туриб (мисол учун) синдирға чизиқни кесиб ўтдингиз.

  1. “Жарима хати келадими?”

ИИББ ЙҲХБ компьютерлаштирилган йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизими автоматлаштирилган бўлиб (ЙҲХБКТ): у йўл хавфсизлиги соҳасидаги қоидабузарликларни қайд этади ва хат тузиб, уни АЖ “Ўзбекистон почтаси”нинг серверига инсон аралашувисиз жўнатади. Шу тариқа сиз ҳақиқатдан ҳам қоидабузарлик ҳақида хабар берувчи хат олишингиз мумкин ёки қайд этилган қоидабузарлик тўғрисида шу куннинг ўзида 8860 рақамига автомобиль Давлат рақам белгиси пробел техпаспорт серияси+номери кўринишида SMS-сўровнома йўллаб маълумот олишингиз мумкин.

2. «Жаримани тўлаш керакми?»

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига кўра “шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган” тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Шу тариқа, зарурат ҳолати факти аниқлангач, қайд этилган қоидабузарлик факти бекор қилинади.

3. «Қандай исботлайман?»

Бунинг қийин жойи йўқ. Қоидабузарлик автоматлаштирилган тарзда қайд этилган тақдирда баённома тузиш керак бўлмайди, шунинг учун бу жараёнда инсон қатнашмайди. Бундан келиб чиқди муаммо тўғрисида ўзингиз шахсан хабар бермасангиз, биз у ҳақида била олмаймиз. Шунинг учун сиз ЙҲХБКТ ходимларига қуйидаги манзил орқали мурожаат қилишингиз зарур: Яккасарой тумани, Глинка кўчаси (эски Глинка ДАН биноси).

Бу жараёнда ҳеч қандай қийинчилик туғилмайди: махсус транспортни ўтказиб юбориш жараёнида стоп-линияни кесиб ўтганингиз ҳақида хабар беринг ва ЙҲХБКТ ходимига кун, вақт ва жойни аниқлаштиринг (ёки хат бўлса, хатни ўзини кўрсатинг), шунда ходим ишончли асосга таяниб жаримани бекор қилади. Бу ишни “қоида бузилган” кундан бошлаб етти кун давомида амалга оширган маъқул – камералар орқали қайд этилган видеолар айни шу давр мобайнида сақланади. Етти кун ўтиб бўлгандан кейин махсус автомобилни ўтказиб юбориш билан боғлиқ зарурат ҳолатини тасдиқлаш фақатгина ушбу автомобиль стоп-линияни кесиб ўтганида сизнинг машинангиз билан бирга фотога тушиб қолган тақдирда мумкин бўлади. Мисол учун қуйидагидек:

Кўпинча машина суратга тушиб қолади, шунинг учун зудлик билан чора кўришга эҳтиёж йўқ, аммо ишонч ҳосил қилиш учун бир ҳафта мобайнида ЙҲХБКТга мурожаат қилган афзал.

  1. “Аммо мен вақт сарфлашга мажбур бўламан-ку!”

Кўп ҳам вақт кетмайди: йўлга сарфланган вақт ва яна 10 минут. Бу ҳақиқий қоидабузарликка йўл қўйгандан яхшироқ, чунки Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддасининг биринчи қисмига кўра, “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериши – энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш эса, энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Аввало, одамийликни йўқотмаслик керак. Бир кунмас бир кун тез ёрдам машинаси, ички ишлар органлари автомобили ёки ёнғин хавфсизлиги транспорти сизнинг ёнингизга шошиши мумкин. Уларга бошқа ҳайдовчилар йўл бермасликларини хоҳлаган бўлармидингиз? Албатта йўқ, демак “қоидани бузиш эвазига тез ёрдамни ўтказиб юбориш керакми?” деган саволда барча шубҳаларни бартараф этиш учун ушбу мақолани улашишингиз мумкин. Чунки уларни ўтказиб юбормасликнинг ўзи қоидабузарликдир.

Изоҳ билдириш