51640

Шерматовнинг кутилмаган ташрифи сабаб мактаб «кирдикорлари» фош бўлди

Ўзбекистон 12 март 9:42 2 988

Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан Тошкент шаҳри, Яккасарой туманидаги 73-мактабида ўқув жараёнининг ташкил этилиши ҳолати ўрганилди.

Таълим масканини ўрганиш жараёнида қуйидаги камчиликлар аниқланди:

Таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши: Мактабнинг 2018-2019 ўқув йилига мўлжалланган ўқув режаси ва соатлар тақсимоти педагогик кенгашда кўриб чиқилмаган, дарс жадвали тузишда фанларнинг мураккаблик даражаси инобатга олинмасдан, ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши қийин бўлган фанлар дарс жадвалига 5-6-соатларга қўйилган.

Мактаб мониторинг ишчи гуруҳи томонидан ўқитувчилар фаолияти таҳлил қилинмаган ҳамда мониторинг дафтари юритилмаган.

Методик кенгаш йиғма жилдлари, баённома дафтари юритилмаган. Шунингдек, метод бирлашмалар томонидан ўқитувчиларнинг илғор иш тажрибалари оммалаштирилмаган. Фан ойликларини ўтказиш бўйича жадваллар тузилмаган.

2018-2019 ўқув йилида кадрларнинг малака ошириши истиқбол режасига амал қилинмаган, ўқитувчилар ўз муддатида малака оширишга юборилмаган.

Ўқитувчиларнинг кундалик дарс конспектлари йиллик тақвим-мавзу режаси асосида ёзилмаган. Ўқитувчилар томонидан қолдирилган ва қопланган дарсларни қайд этиш дафтари талаб даражасида юритилмаган.

Синф журналларида эса дарс мавзулари ўз вақтида ёзилмаган, давомат аниқланмаган ҳамда ўқувчилар ўз вақтида баҳоланмаган, журналларнинг юритилиши мактаб маъмурияти томонидан текширилмаган.

Шаҳодатномаларни ҳисобга олиш дафтари масъул ходимлар томонидан имзоланмаган. Педагог ходимлар аттестацияси ўрнатилган талаб бўйича ташкил этилмаган, аттестация комиссияси ҳамда эксперт гуруҳи баённомалари билан ўқитувчилар таништирилмаган, малака тоифаси сертификатларини қайд этиш ва тарқатиш дафтари юритилмаган.

Шунингдек, мактаб раҳбарларининг дарс таҳлиллари дафтарлари саҳифаланмаган ва раҳбар томонидан тасдиқланмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирининг “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан мактабнинг ички буйруғи ишлаб чиқилмаган.

Педкенгаш дафтари туман халқ таълими бўлими мудири томонидан имзоланмаган, муҳрланмаган.

Ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича йиллик иш режа ишлаб чиқилмаган, 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари ўртасида касб танлаш бўйича сўровномалар ўтказилмаган.

Мактаб кутубхоначиси томонидан 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра дарсликлар ижараси ҳисоботи ва 2018-2019 ўқув йили учун дарсликларни қабул қилиш буйруғи расмийлаштирилмаган. Мавжуд адабиётлар картотекаси юритилмаган.

Моддий техник ҳолати: Мактабнинг 2018-2019 ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига тайёргарлиги юзаки амалга оширилган. Жумладан, муассасанинг электр тизими янги ўқув йилига яроқлилиги ҳолати текширилмаган, ёнғин ҳавфсизлиги далолатномаси тузилмаган. Ёнғиндан хабар берувчи мосламалар эса умуман ишламайди. Мактаб ҳовлиси, бино ичи, йўлаклар, спорт зал ҳамда мажлислар зали ёнғин ўчириш мосламалари билан тўлиқ таъминланмаган.

Умумтаълим муассасанинг иситиш тизими яхши ишламаслиги, иситиш қувурларининг қопламалари йиртилиб, усти очилиб қолганлиги боис иссиқлик энергияси кўп миқдорда сарфланиши ҳолатлари мавжудлиги аниқланган. Санузел талабга жавоб бермай қолганлиги, ҳожатхона канализацияси яхши ишламаслиги сабаб,юқори қаватлардан пастки қаватларга сув оқади.

Ошхона СанПиН норма талабларига умуман жавоб бермайди. Таълим муассасаси директори томонидан бўш турган бино иншоотлари ижарага берилган бўлса-да, ижарачилар билан коммунал тўловлар учун шартнома тузилмаган. Шу боисдан ҳам охирги тўлов 2017 йилда амалга оширилган.

Мактаб раҳбари ўз ваколати доирасидан чиқиб, юқори ташкилотлардан рухсат олмасдан 24 млн. сўмлик асосий воситаларни ўзбошимчалик билан ҳисобдан чиқарган.

Булардан ташқари, мактаб директори томонидан мактаб ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақидан, мукофот пулларидан маълум бир қисми нақд шаклида олиб қолинаётганлиги ҳолати ҳам аниқланган.

Жорий йилнинг 22 февралида мазкур муассаса Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси томонидан комплекс ўрганилган, аммо номига ва юзаки маълумотнома тузиш билан чекланилган.

Ушбу текшириш натижаси Халқ таълими вазири Ш.Шерматов иштирокида 73-мактабда муҳокама этилди. Йўл қўйилган камчиликлар бўйича мактаб директори Д.Мавлянова ҳамда унинг 2 нафар ўринбосари лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси методисти Д.З.Тошмуҳамедова мазкур мактабни текширишга масъулиятсизлик билан билан ёндошгани учун “Хайфсан” интизомий жазоси берилди.

Айни пайтда мазкур мактабда вазирликнинг аудит хизмати томонидан молиявий-хўжалик фаолияти текширилмоқда.

Вазирлик Матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими раҳбарларига бундай ҳолатлардан хулоса чиқариб бошқа бу каби мактаблардаги ҳолатни яхшилаш чораларини кўриш вазифалари топширилди.

Изоҳ билдириш