51598

Ниқоб тақиб йирик босқинчилик жиноятларини содир этган гуруҳнинг қилмишлари барҳам топди

Ўзбекистон 11 март 9:58 835

ДОНО халқимизнинг “шаҳар бедарвоза эмас”, деган жуда қадимий ибораси бор. Бугунги кунда ҳам ўз маъносини йўқотмаган бу ҳикматли сўз замирида ҳар ким мамлакат қонунлари ва жамоат тартиб-қоидаларини писанд қилмай, кўнгли тусаган номаъқулчиликни қилиши мумкин, деб хато ўйлайдиган кимсаларга жазо муқаррар, деган ҳақиқат мужассамлигини асло ёддан чиқармаслик лозим.

Азим Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган Баҳодир Собиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) айни навқирон ёшида мамлакатимизда ёшлар учун яратиб қўйилган имкон ва имтиёзлардан фойдаланиб, бирор фойдали касб эгаси бўлишга интилиш, оиласи, фарзандлари ва яқинларига наф келтириш ўрнига, ҳалокатга элтувчи қинғир йўлни танлади. У 23 ёшигача жиноий қилмишлари учун икки марта судланиб, жиноий жавобгарликка тортилган бўлса-да, тўғри йўлга тушай, демади. Аксинча, ўзига ўхшаш, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган жиноий гуруҳларга қў­ш­и­либ, босқинчилик, ўғрилик, қотиллик каби бир-биридан ўта оғир жиноятларга қўл урди.

“Малла” лақабли Малик Ҳамидов ўзи бошчилик қилиб келаётган гуруҳнинг фирибгарлик, ноқонуний валюта савдоси ва ўғирлик каби жиноий қилмишлари эвазига мўмайгина даромад топиб, текинхўрларча ­яшаб келаётганди. Бироқ чиркин кўнгли ўзи ва яқинлари янада дабдабали ҳаёт кечиришларини тусаб қолди. Шу мақсадда босқинчилик ва зўравонлик йўли билан ўзгаларнинг пешона тери билан топган мол-мулкини эгаллашни режалаштирди. Атрофига ҳар қандай ифлос ишлардан тап тортмайдиган кимсаларни топиб, жиноий гуруҳини кенгайтирди. Ҳар бир гуруҳ аъзолари ўртасида, шу жумладан, Б.Собировга ҳам Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида бадавлат ҳаёт кечирадиган, ўзларига етарли даражада мол-мулкка эга бўлган фуқароларни топиш, уларнинг яшаш шароитларини ўрганиш, тегишли маълумотларни тўп­лаб “Малла”га етказиб туриш, уй-жойларга ғайриқонуний равишда кириш, хонадон аъзоларини турли қийноққа солиб, уларнинг мол-мулкини қўлга киритиш ва жиноят изларини йўқотиш каби вазифалар тақсимланди. Жиноятчилар ниқоб, скотч, резина қўлқоплар, пневматик тўппонча, дубинка каби мосламалари билан қуролланиб, улардан қандай фойдаланиш машқини олишди. Хуллас, манфур мақсад йўлида ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди, ҳатто қилмишлари фош этилган тақдирда қаерга яшириниш ва нима иш қилиниши ҳам четда қолмади.

Февраль ойининг қаҳратон туни. Соат 02:30. Хамма иссиққина уйида ширин уйқуда. Фақатгина нияти бузуқ беш нафар кимсалар теварак-атрофга олазарак боқиб, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Ниҳол маҳалласига кириб келишди. Улар олдиндан кўз ­остига ­олиб қўйган уйлардан бирининг ­ёнига тўхташди. Тунги шарпалардан бири девор ­ошиб, уй ҳовлисига киргач, шерикларига дарвозани очиб берди. Юзларига қора ниқоб таққан бу кимсалар ҳовлига кириб, хонадан соҳиби Наимов Саид­га тегишли бўлган “Мерседес-бенц” русумли автомашина ичидан 700 АҚШ долларини олишди. Кейин уй ичкарисига кириб, Саид ака ва унинг турмуш ўртоғи Зилола, ўғли Алишер, қизи Наимахон, ҳомиладор келини Азизаларнинг оғиз ва қўл оёқларини скотч билан боғлашди. Уларни электрошок мосламаси билан қийнашди, бўғизларига пичоқ тираб пул ва қимматбаҳо буюмлар қаердалигини айтишмаса ўлдириш билан қўрқитишди. Бу кимсаларнинг, ҳатто “оғироёқ” аёлни ҳам аямай, унга нисбатан турли қийноқ усулларини қўллашганини кўриб, бу кимсаларни она туққанига ишонгингиз келмайди. Босқинчилар мазкур хонадондан 24.500 АҚШ доллари, 7 дона 6.810.000 сўмлик уяли алоқа телефон аппаратларини ва 49.828.000 сўмлик тилла буюмларни қўлга киритишди.

Шу ойнинг ичида жиноий гуруҳ аъзолари тун ярмидан оққанда энди Зангиота туманидаги Эшонгузар маҳалласида яшовчи Шерзод Норбўтаев хонадонида пайдо бўлишади. Яна ўша, ўзларининг қийноқ ­усулларини қўллаб, 2.700 АҚШ доллари, 100 евро, 20.000.000 сўмлик турли хил тилла буюмлар, баҳоси 1.000 АҚШ долларилик аёллар тилла соати, ­умумий нархи 840.000 сўмлик икки дона уяли алоқа телефон аппаратини ва бир дона 640.000 сўмлик фотоаппаратни ­олиб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас, гуруҳ раҳбарига Эшонгузар қўрғонида яшовчи фуқаро Қўзиева Сабоҳатнинг уй сотганлиги ҳақида хабар келтиришади. Хабарчи, С.Қўзиевани яхши билгани сабабли, унинг қачон уйидан чиқиб кетиши ва қачон келишини кузатади. Қулай фурсат етганда, жиноий шериклар хонадон соҳибасининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, унинг уйига ўғирликка киришади. Лекин мўлжалдаги маблағни топиша олмай, 7.000.000 сўм пул ва бир дона 300.000 сўмлик тилла узукни олиб, воқеа жойидан ­яширинишади.

Биз босқинчи тўдалар томонидан содир этилган ўғрилик, зўравонлик, талончилик каби бир қатор жиноий қилмишларнинг айримларинигина мисол келтирдик. Гарчи, ўз пайтида тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уларга нисбатан қидирув эълон қилинса-да, ҳеч қандай натижа бермади. Бу жиноий гуруҳнинг қўлга тушмас чапдастлигиданми ёки бошқа сабабларми билмадик.

Билганимиз шуки, жиноий гуруҳ ­аъзоларидан икки нафари Олмазор туман ­ИИБ томонидан ушланганидан сўнг бошқа аъзолари Зангиота туманидаги хонадонлардан бирида яширинча яшаб келган. Янада таажжубланарлиси, шу давр мобайнида гуруҳ раҳбари “Малла” жиноий фаолиятини давом эттириш ва босқинчилар тўдасини кентайтириш мақсадида бошқа шахсларни ҳам ўта оғир жиноятларни содир этишга жалб қилиб, ўз қилмишларини давом эттираверганидир. Зўравонлар бемалол босқинчилик ва талончилик билан қўлга киритган пулларни қора бозорда хориж валютасига айирбош­лаган, тилла буюмларни сотишган. Хусусан, мўмай даромадга мойил ўзга шахслар билан мукофот пули эвазига тил бириктириб, уларнинг номига пул айирбошлаш шохобчаларида АҚШ долларини сотиб олиш ва қора бозор нархида қайта сотиш билан ҳам шуғулланиб келишган.

Ўзгаларнинг пешона те­риси билан топилган мол-мулки ­эвазига қасрдай иморатлар қуриб, маишат қуришган ва бола-чақаси, яқин кишиларини ҳам ҳаром луқма билан боқиб, уларга орзуидаги дабдабали ҳаёт инъом этишган. Давлатимиз томонидан турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши олиб борилаётган кескин таъсир-чоралар натижасида 2017 йил босқинчи зўравонлар гуруҳининг чиркин фаолиятига ­узил-кесил нуқта қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан жиноий гуруҳ аъзоларининг ҳар бирига узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ тегишли жазо тайинланди.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Изоҳ билдириш