51217

Арзон-уй жойларни қандай олиш мумкин?

Ўзбекистон 28 февраль 9:39 897

Қишлоқ жойларда қурилаётган арзон-уй жойларни қандай олиш мумкин?
Ҳозирда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш давом эттирилмоқда.
Ушбу уйларнинг дастлабки бадали қуйидагича:

– 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10 фоиз миқдорида;
– 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25 фоиз миқдорида.
Ушбу уйларни олиш учун ипотека кредитлари 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади.

Хўш, бу уйларни қандай олиш мумкин? Бунинг учун албатта сиз уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилишингиз керак.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга қуйидагилар киради:

– турар жойи йўқ ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаётган оилалар;
– бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила;
– кўп болали оилалар;
– тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар);
– даромади юқори бўлмаган оила (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила);
– таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила;
– уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар эндиликда туман ҳокими ҳузурида ташкил этилган доимий комиссияга мурожаат этиб, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни олиш учун керакли ёзма тавсияни олиш учун уй-жойи йўқлиги тўғрисида асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мазкур низом талаблари асосида ишлаб чиқилган анкета-аризани комиссия раиси (туман ҳокими) номига ёзиш билан мурожаат этишлари мумкин.
Туман комиссиясига қандай ҳужжатлар тақдим қилинади?

– Ариза;
– Паспорт нусхаси;
– Солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР);
– Оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва/ёки фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
– Яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома;
– Никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ бекор қилинганлиги ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
– Доимий иш жойларидан берилган ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари;
– Доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
– Доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
– Ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлинмаси маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда);
– Ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолатда);
– Турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида — туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.
Ариза неча кунда кўриб чиқилади?

Дастурда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар қайд қилинган охирги санасидан бошлаб туман комиссияси томонидан 15 иш кунида кўриб чиқилади. Текшириш далолатномаси тузилади. Туман комиссияси томонидан ариза берувчиларни танлаш ва Дастурда иштирок этишда уларнинг ижтимоий устуворлигини белгилаш учун фойдаланиладиган ариза берувчиларнинг ижтимоий ва уй-жой шароитларининг асосий кўрсаткичлари эътиборга олиниб, 60 баллик тизимда баҳоланиб, 2-нусхада ёзма тавсия берилади.

Ариза қандай ҳолларда рад этилиши мумкин?

Қуйидаги ҳолларда ёзма тавсия бериш ариза берувчига рад этилиши мумкин:

– ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этиш;
– Дастурда иштирок этиш учун ариза ва ҳужжатлар тақдим этилишининг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этиш (бунда кейинги йилда ҳужжат тақдим этиш мумкин);
– тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжудлиги;
– ариза берувчининг уй-жой шароитларини ўрганиш якунлари бўйича тузилган текшириш далолатномасида ариза берувчида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги ҳолатининг асосли кўрсатилиши;
– Дастур ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуриш дастурлари доирасида илгари қишлоқ жойларда арзон уй ёки якка тартибдаги уй олган уй қурувчининг ва/ёки унинг оила аъзолари (эри, хотини, ота-онаси, фарзандлари)нинг такрорий мурожаати.
Юқорида кўрсатилгандан бошқа асослар бўйича ёзма тавсия бериш рад этилишига йўл қўйилмайди.

@huquqiy_axborot
Изоҳ билдириш