50323

Руслан Нуриддиновнинг допинг билан боғлиқ ҳолатига муносабат билдирилди

Спорт 27 декабрь 9:35 925

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов терма жамоанинг -105 кг вазн тоифасидаги етакчиси 2012 йилги Олимпиададан сўнг ўтказилган қайта текширувлар натижасида Руслан Нуриддиновнинг допинг натижалари ижобий чиққани юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Turon24: Руслан Нуриддинов билан боғлиқ ҳолат юзасидан қандай муносабат билдирасиз?

Шаҳрулло Маҳмудов: Айни пайтда Руслан Нуриддиновнинг Лондонда ўтган олимпиададаги иштироки юзасидан турли шубҳалар мавжуд. Ўша турнирда у 4-ўринни қўлга киритганди. Шунинг учун ҳам бу ҳолат федерация учун фақат биргина йўқотиш бўлиши мумкин, яъни спортчининг келаси мусобақаларда иштирокини чеклайди. Умуман, Руслан бир спортчи эришиши мумкин бўлган барча ютуқларни қўлга киритди. Бундай ҳолатда ҳар қандай спортчи юқори кайфият билан фаолиятини якунлаши мумкин.

Лондонда ўтказилган олимпиадада иштирок этган спортчиларнинг допинг тест натижалари қайта текширилганда, унинг танасидаги тестостерон моддаси меъёрдан баландлиги аниқланган. Халқаро антидопинг агентлиги уставига кўра, допинг тести учун топширилган таҳлиллар 10 йил давомида сақлаб турилади. Айни шу анализлар қайта текширилганда, Нуриддиновдан тестостерон моддаси аниқланди. Шу сабабли Халқаро оғир атлетика федерацияси бизга 18 декабрдан спортчининг фаолиятини тўхтатиб туриши юзасидан маълумотнома жўнатди. Бундан ташқари, федерация айни таҳлиллар тўла тасдиғини топмагунига қадар ҳеч қандай изоҳ бермаслигини ҳам маълум қилган.

Тестостерон эркаклик гормони бўлиб, у меъёрий миқдордан ошган вақтда допинг назоратида кўзга ташланади. Ушбу модданинг танадаги миқдорини оширувчи овқатлар ҳам мавжуд. Халқаро оғир атлетика федерацияси Руслан Нуриддиновнинг танасига ушбу модда ташқаридан қабул қилингани бўйича текширув ишларини олиб боряпти. Чунки эркаклик қувватини ошириш учун мўлжалланган махсус перпаратлар ҳам мавжуд ва ундан кўпинча 60 ёшдан ошган эркаклар фойдаланишади. Бу модданинг 2012 йилда Руслан томонидан қабул қилингани ёки қилинмагани ҳақида аниқ гап айтишимиз қийин. Унинг айтишича, Руслан бу каби моддалардан йироқ ва бундай моддаларга ҳеч қачон муҳтож бўлмаган. Аммо унинг атрофидаги мураббийлар ва жамоа бунга ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. Уларнинг сўзларига қараганда, Русланнинг бу каби моддалардан фойдаланганига ҳеч қачон дуч келишмаган ва Русланнинг табиий ҳолати шундоғам кучли эканини айтишмоқда.

Т24: Ушбу иш юзасидан федерация қандай чора-тадбирларни амалга оширади?

Ш.М.: Биз бу ҳолат юзасидан арбитраж судига мурожаат қиламиз. Чунки, бу ҳолатнинг орадан йил ўтиб қайта кўриб чиқилиши биз учун ҳам қизиқ. Бундан ташқари, бу модда организмга бошқа йўллар билан тушиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ҳеч нарса йўқотмаймиз. Чунки, бу Руслан эришган натижаларга таъсир қилмайди. Сабаби, юқоридаги таҳлил натижаси у ютуққа эришган йилларда аниқланмаган. У барча ютуқларига ўшандан кейин эришган. Ҳозирги ҳолатда уни Лондон олимпиадасида 4-ўринни қўлга киритган спортчи сифатида текширган бўлишлари мумкин. Сабаби, ўша олимпиада чемпионлигини қўлга киритган Олексий Торохтийнинг танасидан ҳам тақиқланган моддалар аниқланган. Шунинг учун ўринлар сонининг битта юқорига кўтарилиши натижасида, Руслан ҳам медаллар учун даъвогарлар қаторига киритилган.

Биз ушбу модданинг танага қайси йўллар билан тушиши мумкинлигини ҳам ўрганиб чиқдик. Айни пайтда ушбу масала юзасидан спорт арбитраж судига аппеляция бериш қанчалик фойда келтиришини вақт кўрсатади. Бундан ташқари, Руслан билан унинг спортдаги келажаги борасида ҳам гаплашиб олишимиз керак. Чунки спортчи барча ютуқларни қўлга киритгач, истайдими, йўқми, ўзида қониқиш ҳиссини туяди. Бу эса атлетда ижодкорлик ҳиссининг сусайишига сабаб бўлади. Чунки Руслан 2009 йилдан буён терма жамоа сафида мусобақаларда иштирок этиб келаётган бўлса, ҳатто бир йиллаб узлуксиз йиғинларда тинмай меҳнат қилган. Биз албатта унинг ўша меҳнатлари самарасини кўриб турибмиз. Аммо сўнгги пайтларда унда қандайдир чарчоқ ҳолати кўзга ташланмоқда. Яъни, 10 йиллаб муайян режимда яшаш ва жуда кўп нарсалардан ўзини тийиб, фақат меҳнат қилиш ҳар қандай инсонни толиқтиради. Бу ҳолатда биз уни ҳеч нарсада айблай олмаймиз ва ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Чунки у бутун фаолияти давомида энг тартибли спортчилардан бири бўлиб келди.

Умуман спортчиларда допинг муаммоси жуда нозик масала. Бу ҳақда аввалги интервьюларимдан бирида ҳам таъкидлаб ўтгандим. Шунинг учун спортчи истаган жойидан овқатлана олмайди. Ҳар доим ҳадикда яшайди. Чунки юлдуз спортчиларнинг ўзига яраша душманлари ҳам мавжуд. Айни мана шу тарзда ўтган 10 йил ҳар қандай спортчини толиқтиради.

Т24: Руслан Нуриддиновнинг Токио олимпиадасида иштирок этиши имкониятлари ҳақида нима дея оласиз?

Ш.М.: Юқорида айтганимдай, Руслан билан унинг келажаги ҳақида гаплашиб олишимиз лозим. Агар Руслан 2 йил спортдан четлаштирилган тақдирда ҳам, олимпиадани ўтказиб юборишга тўғри келади. Ушбу ҳолатда арбитраж судига берилган апелляциянинг ҳам фойдаси бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ушбу текширув муддатининг қанчага чўзилиши ҳам номаълум. Бу каби жараёнлар асосан 6 ойгача чўзилади. Агар бир судга апелляция берадиган бўлсак, бу 1 йилгача чўзилиши ҳам мумкин. Ушбу муддат мобайнида эса Руслан ҳеч қандай мусобақада иштирок эта олмайди. Олимпиадагача эса 1,5 йил вақт қолган. Шундай экан, бу ҳолатда ортиқча тушкунликка тушиш ҳам у қадар тўғри эмас. Чунки Русланнинг ўрнини босувчи ёшлар бизда етарли. Охирги барча мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар албатта медаллар билан қайтишмоқда.

Бундан ташқари, биз ҳар қандай ҳолатда Русланни ёлғизлатиб қўймаймиз. У медалларни қўлга киритган барча мусобақаларда допинг назоратидан муваффақиятли ўтган. Масалан, шу йилнинг ўзида у 6 марта допинг назоратидан ўтказилди. Бу ҳолат биз учун яхшигина сабоқ бўлди. Олимпиада йўлланмасига тўхталадиган бўлсак, федерациялар учун тўрттадан, энг камайтирилган ҳолатда учтадан лицензиялар ажратиладиган бўлса, бизда бунинг учун даъвогар спортчилар шусиз ҳам етарли. Биз бу борада ҳаракатдан тўхтамаймиз.

Изоҳ билдириш