45705

Ички ишлар вазири тизимдаги бир қатор раҳбарларни ишдан олди

Ўзбекистон 13 август 8:37 4 420

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 5-9 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, вазир Муйноқ, Қўнғирот, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли ва Нукус туман ИИБларининг шахсий таркиби билан шахсан учрашди. Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли 2-сонли ИИБнинг тўлиқ таъмирланган биносини фойдаланишга тантанали топшириш маросимида иштирок этди.

9 август куни Нукус шаҳрида Ички ишлар вазири раислигида ҳудудларда ўтказилган ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Мажлисда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳануз эскича иш услуби билан ишлаётган, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаётган раҳбар ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Хусусан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, фаолияти давомида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келганлиги учун Тўрткўл тумани ИИБ бошлиғи А.Ильясов, Нукус шаҳар ва Тахиатош тумани ИИБлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари А.Артиков ва А.Гулимбетов, Нукус шаҳар, Чимбой ва Қораўзак туманлари ИИБлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Н.Қдирбаев, Р.Пауланиязов ва Р.Қаландаров ҳамда Кегейли тумани ИИБ 10-сонли ички ишлар бўлинмаси бошлиғи А.Палибеков эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

Бундан ташқари, қатор раҳбарларга нисбатан турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Изоҳ билдириш