45458

МУАММОГА КИМ АЙБДОР? ёхуд қибрайлик фермерларнинг белини синдирманг!

Ўзбекистон 8 август 10:28 402

Бундан бир кун аввал www.uzlidep.uz сайтида чоп этилган “Булоқбошилик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?” сарлавҳали мақолани барча маслакдошларимиз қатори O‘zLiDeP Қибрай туман Кенгаши фаоллари синчковлик билан ўқиди. Очиғи, мақолада бугунги кундаги энг долзарб масала кўтарилган. Чунки бу муаммо фақатгина булоқбошилик деҳқонларни эмас, балки бизни фермерларни ҳам қийнаб келяпти.

Сабаби, мақола чоп этилганидан сўнг, партиямизга шу масала бўйича Қибрай туманидаги фермерлар томонидан ҳам мурожаатлар келиб тушди. Унда айтилишича, Булоқбошида бўлгани каби Қибрайда ҳам ҳудди шу аҳвол эмиш. Шу боис, мутасаддиларни фаолликка чорлаш ва деҳқонларни қийнаётган муаммоларга тезроқ ечим топиш мақсадида Қибрай туманига боришга мажбур бўлдик.

Ташриф давомида Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида туманда олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Афсуски, туманда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича бир қатор муаммолар борлиги аниқланди.

Хусусан, “Qibray Impeks” фермер хўжалиги раҳбари Абдусамад Убайдуллаев 2 гектарга яқин ер майдонида деҳқончилик қилади. Шундан 70 сотиғига саримсоқпиёз эккан. Кўрсатилган суғориш ва ўғитлаш ишлари натижасида 8 тоннадан ортиқ ҳосил олган. Бироқ бу фойда тугул, экин парвариши учун сарфлаган маблағни ҳам қопламайди. Чунки фермер ҳосилни йиғиб олгунга қадар 19 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган.

–Ҳосилку мўл, лекин уни сотиш муаммо, – дейди фермер. –Маҳаллий бозордан ҳаридор топдик, аммо улар биз айтган нархга рози бўлишмади. Ички бозорда саримсоқпиёз кўплиги боис нарх тушиб кетган. Экспорт қилишни ўйлаб, Малайзия давлатидан талаб борлигини аниқладик. Лекин улар ҳам биз айтган нархни беролмасликларини маълум қилишди. Ахир маҳсулотни зиёнига сотолмаймизку. 8 тонна маҳсулотни 800 сўмдан сотган тақдиримизда ҳам 6 млн. 400 минг сўм бўлар экан. Ҳисоблаб кўрсак, фойда тугул 12 млн. сўмдан ортиқ зарар кўрарканмиз.

Мулоқот чоғида фермерга бу жараённи туман ҳокимлиги ёки сектор раҳбарлари ўргандими, Президентимизнинг №3230 сонли қарори асосида контрактация шартномаларини имзоладингизми?, деган савол билан мурожaат қилдик. Бироқ улар: “Экишдан аввал топшириқ берганди, аммо ундан кейин уларни кўрмадик, шартнома ҳам имзолаганимиз йўқ”, деди.

Ваҳоланки, Президентимизнинг бу борадаги қарори билан ушбу масалада бир қатор ташкилотлар, хусусан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ҳамда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятига фермер ва деҳқонларга бу масалада ёрдам кўрсатиш борасида аниқ вазифа юклатилган эди.

Хўш, бугун мазкур ташкилотлар бу муаммога ечим топаяптими? Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросига киришганми? Нега улар фермер ва деҳқонларни қийнаётган муаммоларга бефарқ? Вилоят, туман мутасаддиларичи?

Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун туман ҳокимиятига йўл олдик. Аммо у ердан шу масалага масъул бўлган ходимларни топа олмадик. Шундан сўнг тумандаги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ниғматилла Соатов билан суҳбатлашдик.

Улар ҳудудда ҳақиқатдан ҳам ҳокимият қўйган режа асосида саримсоқпиёз экиб, бугунги кунда уни сотишда қийинчиликка учраётган фермерлар борлигини тасдиқлади. Ушбу муаммони ҳал этиш бўйича 2 та экспортёр жалб қилинганини, улар саримсоқпиёзнинг 1 килограмми учун 1000 сўмдан 1500 сўмгача нарх таклиф қилишаётганлигини айтди. Агар фермер ўз маҳсулотини шу нархда сотса, даромад тугул сарфлаган ҳаражати ҳам чиқмайдику. Ахир фермерлар ҳам тўй қилиши, боласини ўқитиши, сўнгги русумдаги машина олиши керак-ку! Лекин ички бозорларда саримсоқпиёзнинг нархи бу аҳволда бўлса, фермер қачон машина олади, қачон иморат солади?

Нега юқорида қайд этилган Президентимиз қарори билан мазкур масалага масъул этиб белгилаб қўйилган ташкилотлар, вилоят, туман мутасаддилари деҳқонларнинг дардига жиддий эътибор қаратмаяпти? Бу бўйича ташкил этилган махсус комиссия аъзоларичи?

Саволлар кўп, уларга тегишли соҳа вакиллари ўз вақтида жавоб беришларини, деҳқонларни қийнаётган ушбу муаммони ҳал этиш борасида тезроқ амалий ишга киришишларини истар эдик.

Партия фаолларининг бу борадаги ўрганишлари давом этади.

O‘zLiDeP Қибрай туман Кенгаши

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Изоҳ билдириш