4236

Мирзиёев яна бир долзарб муаммони ҳал этувчи фармонга имзо чекди

Ўзбекистон 20 апрель 9:21 635

Ўзбекистон президентининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этиш ҳақидаги Фармони эълон қилинди.

Янги вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик асосида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини техник назорат қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш, аҳолига сифатли уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, шунингдек, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Вазирлик таркибида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларини, биринчи навбатда, кўп хонадонли арзон уй-жой фонди, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, капитал ҳамда жорий таъмирлаш, махсус техника ва ускуналар, машина ва механизмлар билан таъминлаш ҳамда бошқа мақсадларга йўналтириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳузурида «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхоналари ва уларнинг шаҳар ва туман филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ташкил этиладиган ушбу унитар корхоналар зиммасига хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки турар жой ва нотураржой иншоотлари мулкдорлари билан шартнома асосида кўп хонадонли уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича тизимли ишларни самарали ташкил қилиш, кўп хонадонли уй-жой фондини мавсумий фойдаланишга ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш, кўп хонадонли уй-жой фондини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш вазифалари юклатилган.

Қонунга келтирилган шарҳда билдирилишича, Ўзбекистон президентининг ушбу Фармон ва қарори амалга оширилиши уй-жой коммунал хизматининг сифатини тубдан ошириш, мақбул нархларни таъминлаш учун уй-жой коммунал соҳасини давлат томонидан бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш мақсадида зарур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш имконини беради.

Изоҳ билдириш