42041

Ягона реестрда давлат хизматлари сони 444 тадан 693 тага ошди

Ўзбекистон 14 июнь 15:01 219

Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори (1.06.2018 йилда 3021-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янгиланган Давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланди.
Президентнинг 12.12.2017 йилдаги ПФ–5278-сон Фармонига мувофиқ 1.02.2018 йилдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар уларнинг Давлат хизматлари ягона реестрида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди. 1.06.2018 йилдан бошлаб эса мазкур реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Янгиланган ҳужжат 693 та позицияни ўз ичига олди. Рўйхат 249 бандга кўпайди – аввалги рўйхатда атиги 444 та давлат хизмати назарда тутилган.

Давлат хизматларини уларни кўрсатувчи органлар бўйича гуруҳлаш бошқа кўзга кўринган янгилик бўлди. Илгари фуқаролар мурожаат қилиши керак бўлган орган, давлат хизмати кўрсатиладиган шакл (электрон, анъанавий), унинг пулли/бепуллиги, шунингдек бериладиган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни осон топишлари учун уларни фаолият соҳалари бўйича гуруҳлашга уриниб кўрилган эди. Бу давлат органлари учун, шу жумладан реестрга ўзгартиришлар киритишда ноқулайлик туғдирган бўлса керак.

Моҳиятан олганда, олдинги таҳрирдаги Давлат хизматлари ягона реестридан белгиланган мақсадда фойдаланилмади. Гап шундаки, мазкур реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга тақиқ 1.06.2018 йилдан жорий этилган. Ушбу санадан бошлаб унинг янги таҳрири кучга кирди.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтамизки, Ягона реестрга мувофиқ давлат хизматлари марказлари мустақил равишда 31 та давлат хизматини кўрсатадилар (асосан бизнесни рўйхатдан ўтказиш соҳасида), яна 17 та давлат хизмати улар орқали бошқа органлар томонидан кўрсатилади. Бироқ Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Чирчиқ шаҳридаги марказлар ва яна 12 та бошқа марказда (ҳар бир минтақада биттадан) эксперимент ўтказилмоқда. У ерда Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг раҳбари томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик тусдаги маъмурий регламентлар бўйича давлат хизматларининг 70–100 та энг талабгир турлари жадал равишда жорий этилади.

Самир Латипов.

 

Изоҳ билдириш