41924

Трамп Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Президентига табрик йўллади

Ўзбекистон 13 июнь 19:28 290

Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг қутловида бундай дейилган:

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

Америка халқи номидан Мелания ва мен Сизга ва Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларимизни йўллаймиз.

Рамазон ойининг якунланишини нишонлар эканмиз, адолат ва раҳм-шафқатга асосланган Ислом динининг қўшниларга ёрдам бериш ва турли эътиқоддаги инсонлар билан ризқини баҳам кўришдек муқаддас анъанасини янада теран англаймиз. Ийд аль-Фитр бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва барчанинг ўз салоҳиятини тўлалигича юзага чиқариш имконини берадиган жамият барпо этиш масъулиятини ёдга солади.

Америка Қўшма Штатлари кўплаб дин вакиллари, шу жумладан, мамлакатимизга муҳим ҳисса қўшган ва қуролли кучларимизда муносиб хизмат қилган америкалик мусулмонларнинг ҳам юртидир.

Мен дунёдаги барча мусулмонларга ўзимнинг энг самимий табрикларимни йўллайман. Ушбу байрам кунларида ва келгуси йилда уларга сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман. Рамазон ҳайити муборак!

Ҳурмат билан,

Дональд Ж.Трамп,
Америка Қўшма Штатлари
Президенти

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев

Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд

Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла Иккинчи бин ал-Ҳусайн

Фаластин Давлати Президенти, Фаластин озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси раиси Маҳмуд Аббос

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Юсуф Ал-Усаймин

Қутловлар келиши давом этмоқда.

Изоҳ билдириш