4004

Ўзбекистонда четдан келтириладиган қатор товарлар учун акциз солиғи пасайтирилди

Иқтисод 18 апрель 14:04 439

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикага четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга нисбатан қўлланиладиган акциз солиғи ставкаларида бир қатор ўзгартиришлар амалга оширилди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Бунда энг муҳим икки жиҳат инобатга олинган. Яъни, ушбу ўзгаришлар аввало аҳолини муҳим ва сифатли озиқ-овқатлар билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, четдан олиб кириладиган айрим хом-ашёлар учун акциз солиғининг туширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон Қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Масалан, буғдой уни учун товарнинг божхона қийматидан 11 фоизи миқдорида ундириб келинган акциз солиғи эндиликда 5 фоизни ташкил қилади.

Кунгабоқар ёғи, сафлор (махсар) ёғи ва уларнинг фракциялари учун бу кўрсаткич илгари 20 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда 10 фоизга (бироқ 1 кг учун 0,16 АҚШ долларидан кам эмас) камайтирилди.

Тайёр ёки консерваланган, уксус ёки уксус кислотаси қўшилмаган, музлатилмаган бошқа сабзавотлар (Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги 2006 товар позицияси маҳсулотларидан ташқари учун акциз солиғи) 50 фоиздан 10 фоизга, мева ва сабзавот шарбатлари (ананас ва цитрус шарбатларидан ташқари) учун эса 70 фоиздан 30 фоизгача (лекин л. 0,50 АҚШ долларидан кам эмас) туширилди.

Шунингдек, соуслар тайёрлаш учун маҳсулотлар ва тайёр соуслар; таъм берувчи қўшимчалар ва аралаш зираворлар; хантал кукуни ва тайёр хантал (горчица) учун акциз солиқлари ҳам сезиларли равишда яъни, 70 фоиздан 25 фоизгача туширилди.

Энг муҳим янгиликлардан яна бири двигателининг ҳажми 2 800 куб. см.дан кўп бўлмаган янги юк ташиш автомобиллари учун акциз солиғи эндиликда 30 фоиз (муқаддам 70 фоиз эди) қилиб белгиланди.

Бундан ташқари, соя ёғи ва унинг фракциялари, макарон маҳсулотлари, айрим турдаги полиэтилен, тунука ва ёғочдан тайёрланган маҳсулотлар учун акциз солиғи бутунлай бекор қилинди.

Табиийки, ушбу янгиликлар эндиликда бу каби товарларни республикага олиб кирадиган импортёрлар учун мазкур имтиёзлар натижасида тежаб қолинган маблағларни ўз фаолиятларини янада кенгайтиришга йўналтиришлари билан ҳам аҳамиятлидир.

Масалан, 2016 йилнинг биргина 2 чорагида олиб кирилган бундай товарлар учун давлат бюджетига салкам 13 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги акциз солиғи ундирилган бўлса, жорий йилнинг ушбу чорагида ўтган йилнинг мос давридаги импорт ҳажми сақланиб қолгудек бўлса, у ҳолда салкам 33 млрд. сўм миқдоридаги маблағ эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз ихтиёрларида қолиши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш