40015

Диана Еникееванинг ўлими юзасидан мансабдорлар жазоланди

Ўзбекистон 25 май 14:46 724

Бош прокуратура томонидан Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ҳокимияти, туман халқ таълими бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланди. Бу ҳақида Бош прокуратура расмий сайти хабар тарқатди.

Аниқланишича, М.Музаффаров Каттақўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда туман халқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаровлар, 2018 йил 13 ва 14 март кунлари Каттақўрғон туманида фаолият олиб борувчи 98 та мактаблар ва 12 та касб-ҳунар коллежи директорларига улар раҳбарлик қилувчи ўқув муассасаларининг ўқитувчи ва техник ходимларини Каттақўрғон туманининг Алижон, Олмазор, Навбаҳор, Зарқўрғон, Зарафшон, Қорадарё, Яккабоғ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи, жами узунлиги 14 км. бўлган М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг қатнов қисми ва атрофларида ободонлаштириш ишларини бажаришга ноқонуний равишда жалб қилишган.

2018 йил 14 март куни соат 11:30 да тумандаги М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг “Алижон” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 66 километрида “Бухоро-Самарқанд” йуналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган А.Элмуродов бошқарувидаги “Камаз” русумли юк автомашина олд чап қисми билан йўлнинг қатнов қисмини иккига бўлувчи бетон тўсиқлари атрофини тозалаётган 42-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Еникеева Диана Александровнани уриб юборган ва Д.Еникеева олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Дастлабки тергов натижасига кўра, 02.05.2018 йилда Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ва туман ХТБ мудири А.Жуманазаровларга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, 04.05.2018 йилда жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 10.05.2018 йилдаги ҳукми билан М.Музаффаров ва А.Жуманазаровлар ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари, иш ҳақидан 20% давлат фойдасига ундириш тарзидаги жазо тайинланган.

Изоҳ билдириш