38186

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасида назорат тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги ПФ–5418-сон “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади) ташкил этилганлиги;

2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси, Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси, “Ўзсувназорат” республика сув инспекцияси, “Ўздавуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази тугатилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2018 йил 1 августдан “Ўзстандарт” агентлигининг “Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш “Сифат” маркази” давлат корхонаси тугатилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Инспекция тугатилаётган ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

тугатилаётган ташкилотларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари, функциялари ва ваколатлари Инспекцияга ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тугатилаётган ташкилотлар ходимларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашга кўмаклашсин.

4. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

а) қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ҳолати;

пахта ва дон экинларининг уруғларини давлат томонидан буюртма қилиш, тайёрлаш, алоҳида қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши;

дон экинлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурсларининг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши таъминланиши;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш орқали қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши;

сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг, уларнинг эксплуатация қилиниши, сифати самарадорлигининг, сервис ва таъмирлаш хизматларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга ошириш;

б) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда дон экинлари, пахта хом ашёси, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш;

в) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлигининг:

Инспекция ҳузурида “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Марказ томонидан Инспекциянинг назорат функцияларини амалга ошириш учун кўрсатиладиган хизматлар солиқ солинадиган базага киритилмайди.

6. Белгилансинки:

а) қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ намуналар танлаб олиш
ва маҳсулотни идентификациялаш;

кўрсатилган аккредитация соҳасига мувофиқ тарзда пахта толаси, пахта момиғи, пахта ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, шунингдек, дон ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар синовларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш;

мувофиқлик сертификати бериш, ўлчовлар бир хиллигини ва метрологик назоратни амалга оширишни таъминлаш ишларини бажариш;

пахта толаси ширадорлигини аниқлаш, пахта толаси ва момиғи тойлари массаси назоратини амалга ошириш;

пахта тозалаш ва ёғ-мой саноати корхоналари, пахта маҳсулотларининг харидорлари ҳамда бошқа ташкилотлар учун сертификатланадиган пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт намуналарини тайёрлаш, реставрация қилиш ва улар билан таъминлаш;

районлаштирилган ва истиқболли қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг нав софлигини тупроқдаги таҳлил орқали текшириш ҳамда натижаларини манфаатдор ташкилотларга юбориш;

б) Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

Марказ даромадларининг 20 фоизи;

қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Инспекция ваколатлари доирасида қўлланилган жарима санкциялари умумий суммасининг 40 фоизи;

Инспекция ходимлари томонидан солинадиган жарималар миқдорларининг 50 фоизи;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзи юрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиш, гувоҳномалар, рақам белгилари ва техник паспортлар бериш учун ундириладиган йиғимлар миқдорининг 80 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.

7. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси марказий аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларининг, туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги Низом 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси марказий аппарати, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари, туман (Қувасой шаҳар) бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари 6-8-иловаларга мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Инспекция бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони 1 795 нафар этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:

зарур ҳолларда, Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штат бирликлари доирасида ўзгартиришлар киритиш;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан киритиш ҳуқуқи берилсин.

9. Белгилаб қўйилсинки, Инспекция:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ томонидан бошқарилади;

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳисобдордир.

Инспекция бошлиғи мақоми, меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарига тенглаштирилсин.

10. Белгилансинки:

Инспекция таъминоти Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, шунингдек, тугатилаётган идоралар, муассасаларнинг 9 896 та штат бирлиги оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бўшаётган маблағлари ҳамда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда иш ҳақи фонди ва мажбурий ажратмаларни оптималлаштириш ҳисобидан шаклланадиган иш ҳақи фондининг тежалган суммаси Инспекциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳамда бошқа харажатларига йўналтирилади;

Инспекция ходимлари лавозимларига олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган шахслар (ҳуқуқшунослар, агрономлар, иқтисодчилар, молиячилар, муҳандислар ва бошқалар) тайинланади;

Инспекциянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа органлардан ишга қабул қилинган ходимларига даражали унвонлар бериш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан ҳал этилади;

даражали унвонларга эга бўлган Инспекция ходимлари прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади ҳамда уларга прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чоралари татбиқ этилади;

Инспекция органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш
учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талабига кўра бепул тақдим этилади;

давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар мазкур қарорга мувофиқ Инспекцияга унинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиши шарт.

11. Инспекция:

2018-2019 йиллар давомида Жамғарма маблағлари ҳисобидан юқори малакали мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсларида, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент кимё-технология институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказларида янгидан тўлдирилган, шу жумладан раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилишини таъминласин, шунингдек, кейинчалик қайта тайёрлаш ва малака ошириш амалиётини ҳар уч йилда жорий этсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент кимё-технология институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликда бир ой муддатда ўқитишнинг интерфаол ва инновацион усулларини қўллашни, синов лабораторияларида, қайта ишлаш корхоналарида (заводларда) ва бошқа объектларда ўқув машғулотлари ўтказишни назарда тутган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларни тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тошкент давлат аграр университети, Тошкент кимё-технология институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш учун аудиториялар ажратилиши ҳамда жиҳозланишини таъминласин.

12. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар томонидан Инспекция ходимлари зиммасига уларнинг ваколатига кирмайдиган вазифаларнинг юкланиши тақиқланади.

13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлиги:

бир ҳафта муддатда Инспекциянинг штатлар жадвали ва харажатлар сметаларини тасдиқласин;

бир ой муддатда зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажарганлиги учун Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

14. Белгилансинки, Инспекция талабномалари бўйича:

“Ўзавтосаноат”АЖ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган меъёрларга мувофиқ хизматда фойдаланиш учун автотранспорт воситалари ажратилишини таъминлайди;

“Ўзбекнефтгаз” АЖ “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ билан келишилган ҳолда хизмат ва махсус автотранспорт воситалари ҳамда генераторлар учун керакли ҳажмда автобензин ва дизель ёқилғиси ўрнатилган тартибда ажратилишини таъминлайди.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тугатилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси, Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси, “Ўзсувназорат” республика сув инспекцияси, “Ўздавуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази, “Ўзстандарт” агентлигининг “Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш “Сифат” маркази” давлат корхонаси балансида турган ва улар томонидан фойдаланилаётган бинолар, иншоотлар ва бошқа моддий-техник қимматликлар, шунингдек, уларнинг тегишли маълумот базалари ҳамда реестрлари Инспекция балансига ўтказилишини таъминласин.

16. Инспекция Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Обиназир кўчаси, 109-уйда жойлаштирилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Инспекция, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Инспекция ҳудудий тузилмаларининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида уларнинг жойлаштирилишини, жиҳозланишини ташкил этсин ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Инспекция ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа моддий-техник ресурсларга бўлган эҳтиёжини ўргансин ҳамда жиҳозланишини таъминласин;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларини юклатилган вазифаларнинг юқори ҳамда профессионал даражада бажарилишини таъминлай оладиган малакали кадрлар билан, шу жумладан тугатилаётган ташкилотлар ходимлари орасидан тўлдирилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар асосланган ҳисоб-китоблар бўйича ажратилишини таъминласин.

19. Инспекция Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банк, Ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахбороти юборилиши шарт бўлган реестрга киритилсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2018 йил якунлари бўйича мазкур қарорни амалга ошириш самарадорлигини ўргансин ҳамда, зарурат бўлганда, Инспекциянинг фаолиятини ҳамда ташкилий-штат тузилмасини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига таклифлар киритсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 10-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

22. 2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 11-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 7 май

Изоҳ билдириш