37891

Мамлакатнинг ички чегаралари қайта кўриб чиқилади

Долзарб | Ўзбекистон 3 май 16:58 1 313

Вазирлар Маҳкамасининг 23.04.2018 йилдаги «Маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 299-сон қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Norma маълум қилди.

Ҳужжатда ер ресурсларини бошқариш соҳасидаги иккита асосий муаммони ҳал этишга эътибор қаратилган.

1-муаммо. Мамлакат ичидаги айрим ҳудудлар чегаралари координаталар тизимига боғланмаган. Бу ер ҳисоботини юритиш, ер ажратиш, ер муносабатларини тартибга солиш борасида муаммоларга сабаб бўлмоқда. Жойлардаги ички чегараларни аниқлашда турли муаммолар юзага келмоқда, сабаби минтақаларнинг маъмурий чегараларини белгилаш ишлари тизимли ташкил этилмаган.

Шу сабабли Ергеодезкадастр давлат қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2018–2021 йиллар мобайнида маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари белгиланишини таъминлаш топширилди. Шундан сўнг бир ой муддатда маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш ёки уларга ўзгартириш киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига, Жўқорғи Кенгесга ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларига таклифлар киритилади.

Эслатиб ўтамиз, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳисобланади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш Олий Мажлиснинг розилиги билан амалга оширилади (Конституциянинг 68-69-моддалари). Батафсил механизм «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Қонунда баён этилган.

2-муаммо. Мавжуд 21 млн гектар яйлов ва пичанзорлардан самарасиз фойдаланилмоқда. Сўнгги 25–30 йилда ушбу майдонларнинг 35%–40%и деградацияга учраган, уларнинг бешдан бир қисмида ўсимликлар тури ва сони камайиб, ҳосилдорлик 1,5–2 баробарга тушиб кетган.

Шу муносабат билан ушбу даврда (2018–2021 йилларда) яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотлар ўтказган ҳолда ер ресурслари хатловдан ўтказилади. Унинг натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар юзасидан аниқ таклифлар киритилади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ер ресурсларининг тоифалари ва турларини ўзгартириш;
ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш;
ер ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш;
ҳолати ёмонлашган ва деградацияга учраган майдонларни тиклаш ёки консервация қилиш.

Бундан ташқари, Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ердан фойдаланувчилар томонидан уларга ажратиб берилган ерлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам мониторинг қилиб бориш ҳуқуқини олдилар. Бунда ердан фойдаланувчиларнинг молиявий фаолиятига аралашиш тақиқланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.05.2018 йилдан кучга кирди.  

Изоҳ билдириш