14889

Тестдаги натижасидан қатъи назар грант асосида ўқишга кирган абитуриентлар ҳақида маълумот

Жамият 10 август 11:21 1 132

Мана, 1 август куни юртимиздаги барча ОТМларда тест имтиҳонлари бўлиб ўтди. Давлат тест маркази берган маълумотга кўра, 1 август куни 59 олий таълим муассасалари ва уларнинг 12 та филиалида қабул тест синовлари ўтказилди.

«Xushnudbek.uz»нинг ёзишича, жорий йилда олий таълим муассасаларига 729 947 (2016 йилда – 663 304) нафар абитуриент ҳужжат топширган, шулардан 7 725 (2016 йилда – 7 521) нафари муддатли ҳарбий хизматни тугатган ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлардир.

Шунингдек, ДТМ хабарида яна кўплаб маълумотлар, рақамлар келтирилган, бироқ ҳозир мен бунга тўхталмоқчи эмасман. Ушбу мақолада Сизларга тест имтиҳонларида неча балл олганидан қатъи назар ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат гранти асосида қабул қилиниши аниқ бўлган абитуриентлар ҳақида маълумот бермоқчиман.

Улар кимлар дейсизми? Фан олимпиадалари ғолиблари ёки “зулфиячилар” деб ўйлаяпсизми? Йўқ, улар имтиҳонсиз қабул қилинишади. Унда гап нимада? Гап квоталар сони бўйича конкурсда.

ДТМ берган маълумотга кўра, жорий йилда ўртача танлов 1 ўринга 11,0 (2016 йилда – 11,05) тани ташкил этди. Лекин шундай айрим ОТМлар борки, улардаги танлов бирга бир бўлган! Яъни нечта квота ажратилган бўлса, шунча абитуриент ҳужжат топширган. “Йўғей, қанақасига?” дея ўйлаётганингизни билиб, фактларга ўтишни маъқул деб топдим.

Гап шундаки, жорий йилда нафақат тиббиёт йўналишлари, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам мақсадли қабул жорий этилибди. Аммо бу ҳақида деярли ҳеч қаерда айтилмади, ҳеч қаерда эълон қилинмади. Натижада кўпчилик бундан бехабар қолди (шу жумладан, ўзим ҳам буни яқинда билдим). Аҳолидаги ушбу бехабарлик тўлқини топширилган ҳужжатлар сонига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Масалан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини олайлик. Ушбу олийгоҳнинг “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларнинг техник сервиси” йўналиши бўйича Хоразм ва Фарғона вилоятлари учун 1 тадан давлат грантида ўрин ажратилган бўлиб, шу йўналишга Хоразмдан 1 нафар, Фарғонадан 1 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу дегани ушбу иккала абитуриент тестда неча балл олишидан қатъи назар давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади. Чунки уларнинг бошқа рақобатчиси йўқ.

Худди шундай ҳолат Ирригация институтининг қуйидаги йўналишларида ҳам учрайди:

Йўналиш номи Квота сони Абитуриент сони
1. Ҳаётий фаолият хавфсизлиги (Қорақалпоғистон Респ.) 2 2
2. Касб таълими: ер тузиш ва ер кадастри (Навоий) 2 2
3. Касб таълими: ер тузиш ва ер кадастри (Андижон) 1 1
4. Касб таълими: қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш (Қорақалпоғистон Респ.) 1 1
5. Касб таълими: қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш (Андижон) 1 1
6. Иқтисодиёт (сув хўжалигида) (Андижон) 1 1
7. Менежмент (сув хўжалигида) (Навоий) 1 1
8. Техника ва технологияларнинг техник экспертизаси ва маркетинги (турлари бўйича) (Андижон) 1 1

Кўриб турибсизки, жами 10 та йўналишда квоталар сони билан абитуриентлар сони тенг бўлган. Бу ҳали ўзбек гуруҳлари мисолида эди. Таълим рус тилида олиб бориладиган қуйидаги йўналишларда ҳам шундай ҳолат учрайди:

  1. Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш (Навоий)
  2. Иқтисодиёт (сув хўжалигида) (Қорақалпоғистон Респ.)
  3. Гидротехника иншоотлари ва насос стансияларидан фойдаланиш (Қорақалпоғистон Респ.)
  4. Геодезия, картография ва кадастр (сув хўжалигида) (Қорақалпоғистон Респ.)
  5. Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (сув хўжалигида) (Хоразм)
  6. Гидротехника қурилиши (сув хўжалигида) (Қорақалпоғистон Респ.)
  7. Геодезия, картография ва кадастр (сув хўжалигида) (Навоий)
  8. Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш (Жиззах)
  9. Ер тузиш ва ер кадастри (Фарғона)
  10. Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаштириш (Қорақалпоғистон Респ.)
  11. Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш (Навоий)
  12. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (сув хўжалигида) (Навоий)
  13. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (сув хўжалигида) (Самарқанд)
  14. Ер тузиш ва ер кадастри (Сирдарё)
  15. Сув хўжалиги ва мелиорация (Сирдарё)

Бундайин “омадли жентелменлар” Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг “Зоотехника (Андижон)” ва “Касб таълими: қишлоқ хўжалигида менежмент (Фарғона)” йўналишларида ҳам бор.

Тошкент давлат аграр университетининг “Агрокимё ва агротупроқшунослик” йўналишида Андижон вилояти учун давлат гранти асосида ажратилган 1 та ўринга ҳам атиги 1 нафар ўта омадли абитуриент ҳужжат топширган. Биз ушбу абитуриентни ҳам талаба бўлгани билан, бўлиб ҳам бюджетга киргани билан табриклаймиз.

Хуллас, ҳисоб-китобларим шуни кўрсатдики, жами 31 нафар абитуриент ҳали тест жавоби чиқмасиданоқ давлат гранти асосида ўқишга киришга улгурган. Аллақачон 31 та хонадонда қўчқорлар сўйилиб, кабобга айланган бўлса ажаб эмас.

Ана, шунақа гаплар. Омад келаман деса, ҳеч гап эмас. 5 балл билан ҳам, 10 балл билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга кириш мумкин экан…

Изоҳ билдириш