12176

240 тонна қовун дунёнинг бир неча давлатларига экспорт қилинди

Иқтисод 6 июль 17:29 588

Қашқадарёда етиштирилган қарийб 240 тонна қовун дунёнинг бир неча давлатларига экспорт қилинди. Қашқадарё вилояти мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юқори ҳудудларидан ҳисобланади. Воҳада энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, самарали ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар сони кўп. Ҳозирда ушбу корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қайд этиш жоизки, воҳанинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ҳам улуши юқори. Маълумотларга кўра жорий йилда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этган. Улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига қарийб 11 миллион АҚШ долларлик мева-сабзавот, полиз маҳсулоти ва узум етказиб берилган.

Айни кунда воҳа тадбиркорлари томонидан қовун маҳсулотлари экспорти авжида. Ўтган даврда қарийб 240 тонна сархил ва ҳуштам қовун маҳсулоти Россия Федерацияси ва европанинг бошқа давлатларига экспортга чиқарилди.

Шундай корхоналардан бири “Продук гроп бизнес” МЧЖ томонидан Россия Федерациясига 2000 тонна қовун экспорт қилиниши мўлжалланган.

– Жорий йилнинг ўтган даврида Россиялик ҳамкорларимизга 100 тоннадан зиёд қовун маҳсулотини экспорт асосида етказиб бердик, – дейди “Продук гроп бизнес” МЧЖ божхона ишлари бўйича масъул ходими Шукрулло Убойдуллаев. Божхона расмийлаштирувларини ўз иш жойимиздан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса бизнинг қимматли вақтимизни ҳамда энг асосийси ортиқча сарф-ҳаражатларни тежашимизга катта ёрдам беряпти.

Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда ўлкан ҳажмдаги мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совутгичлар ҳам фаолият юритмоқда. Совутгичларнинг афзалликлари шундаки, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ҳолатини узоқ муддатгача сақлайди. Шунингдек, юк машиналарга қулай шароитларда юклаш, асосийси маҳсулотларни икки баравар қимматроқ нархларда экспорт қилиш имкониятини яратади.

02155.MTS_snapshot_00.01_[2017.06.30_08.32.53].jpg

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июнда “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3077-сонли қарорининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига янада кенг имкониятларни тақдим этди, – дейди “Қашқадарё” ТИФ божхона пости катта инспектори Ғолиб Хақназаров. Сабаби, қарор билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини оширишга имконият яратади. Шунингдек, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга ҳам ҳисса қўшади.

Қашқадарё вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

Изоҳ билдириш