10268

Лондонда террорчилик ҳужуми: нишонда мусулмонлар

Тур 19 июнь 8:58 446

19 июнга ўтар кечаси Лондон шимолида минивэн масжиддан қайтаётган одамларни босиб кетди, деб хабар бермоқда Telegraph нашри.

Маълум бўлишича, якшанбадан душанбага ўтар кечаси ярим тунда Лондоннинг Финсбури Парк масжидидан чиққан намозхонлар устига юк машинаси бостириб борган. Гувоҳлар ҳодиса натижасида 10 киши жароҳат олганини айтишмоқда. Расмийлар талафотлар борасида аниқ маълумот бермаган.

Полиция террорчилик ҳужумига алоқадорликда гумон қилинган бир кишини ҳибсга олган. Ҳибсга олинган киши юк машинасини бошқарган шахс бўлиб, уни воқеа жойида ҳозир бўлган кишилар қўлга олишган ва полицияга топширишган. Унинг шахси ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Гувоҳлар юк машинасида уч киши бўлгани ҳамда улар «барча мусулмонларни ўлдиришни қасд қилгани»ни айтиб, ҳайқирганини айтишган. Жиноятчилардан қолган икки нафари воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда Лондоннинг терроризмга қарши кураш бўйича полиция бўлими ҳодисани ўрганишга киришган. Бу юк машинаси пиёдаларни босиб кетиши билан боғлиқ сўнгги бир ой ичида Лондонда содир бўлган иккинчи ҳодисадир. Йил бошидан буён террорчилик ҳужумлари туфайли Лондонда камида 35 киши ҳалок бўлган.

Изоҳ билдириш