12559

Президент танқидидан сўнг: Ўзбекистонда намунавий поликлиника ташкил қилинди

Тиббиёт 11 июль 12:02 789

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимига бағишлаб учинчи бор видеоселектор йиғилиши ўтказилган ва унда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, айниқса, патронаж ишларини талаб даражасида ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.
Мирзиёев топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди.

Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадонга қуйидаги маълумотларни ўзида жамлаган ташриф қоғозлари тарқатилди:
аҳоли ўз фикр ва таклифларини билдириши учун оилавий поликлиника бош шифокорининг телефон рақамлари;
беморларни олдиндан шифокор қабулига ёзилишларини қайд этиш телефон рақами;
аҳоли билан ҳудуд шифокори ва оила ҳамширалари билан узвийликни янада яхшилаш мақсадида уларнинг телефон рақамлари;
103 тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида уларнинг телефон рақамлари кўрсатиб ўтилган.
Эътиборли томони, ташриф қоғозида шифокор ва ҳамширалар сурати ҳам бўлиб, бу фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди. Тан олиш керак, илгари баъзи ҳамюртларимиз ўз оилавий шифокори ёки ҳамширасини танимасди. Эндиликда, мутахассисларнинг телефон рақамлари суратлари билан бирга тарқатилиб, аҳоли ва тиббиёт ходими орасидаги алоқа мустаҳкамланмоқда.
Поликлиникага, одатда, режали тарзда ва шошилинч ҳолатларда мурожаат қилинади. Пойтахтдаги 47-оилавий поликлиникада ҳар икки ҳолатда ҳам беморга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Агар бемор режали тарзда тиббий кўрикдан ўтмоқчи бўлса, шифокор қабулига олдиндан ёзилиши мумкин. Буни икки хил усулда амалга ошириш мумкин: телефон орқали ва уйдан чиқмаган ҳолда, электрон тарзда.
Яна бир қулайлик, бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, поликлиниканинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб бориши мумкин. Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш ҳам эътибордан четда қолмади. Яъни поликлиника ҳудудида wifi зона ташкил этилган бўлиб, навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб боради.

Шошилинч ҳолатларда эса, мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомошина хизмати йўлга қўйилган. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад – тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб боришдир. Бу эса бемор аввал ўтказган касалликлари, олган муолажалари ва саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имкониятини пайдо қилади.

Шунингдек, тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг, бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади.
Шунингдек, энди поликлиникада электрон амбулатор карта юритила бошланди. Ҳар бир маълумот онлайн тарзда киритилади. Бу эса, инсон омили билан боғлиқ айрим ҳодисалар, масалан, амбулатор картанинг йўқолиши, баъзи саҳифаларининг тушиб қолиши кабиларнинг олдини олади.

Яна бир эътиборли жиҳат дори-дармон воситалар таъминоти билан боғлиқ. Яқиндан поликлиника ичида чекланган нархларда савдо қилувчи дорихона ва фитобар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, шифо муассасасини дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар ҳам ўтган йилга нисбатан уч бараварга оширилди.

 

Манба: Вазирлик ахборот хизмати.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар