11787

Ҳафта сайин ошиб бораётган автомобиллар ёҳуд И. Каримов Асака заводи ҳақида нима деганди?

Шу кеча кундузда ижтимоий тармоқларда GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилаётган машиналаримизнинг нарх-навоси билан боғлиқ баҳс-мунозаралар, фикр ва мулоҳазалар роса авжига чиққан пайт. Кимнинг хаёлига нима келса ёзмоқда. Айни пайтда мулоҳаза қилса арзийдиган чиқишлар ҳам бор.
Баён қилинаётган фикр мулоҳазаларни ўқиб, Асака заводи қандай орзу-ниятлар билан қурилгани ёдимга тушди. Кечагидек эсимда, тахминан 24-25 йил олдин республика Олий Советининг навбатдаги сессиясида марҳум Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ўз нутқи давомида депутатларга қарата тахминан шундай деган эди. “Мана яқинда Жанубий Кореяга бориб келдик, хабарларинг бор. “DAEWOO” кампанияси билан келишиб олдик. Эрта-индин Тошкентга унинг Президенти етиб келади. Асакадаги прецеп заводи ўрнида ўзимизни енгил машиналарини ишлаб чиқарамиз. Энди ҳеч ким ариза ёзиб, Ижроқўмга сарғаймайди, навбат кутмайди, ўзимизни машинамиз бўлади”, деб бир неча лаҳза залга тикилиб турди. Биз журналистлар залнинг энг охирги қаторида ўтирардик. Президентимиз “Нима ўзимизнинг машинамиз бўлса яхши эмасми?”, деб залга тикилди. Ҳамма бирдан қарсак чалиб ўрнидан туриб кетди. “Энди бизга жигули керак эмас. Энг замонавий мошиналаримиз бўлади, тушунаяпсизларми?”- деб қўшиб қўйди. Бир неча лаҳза залда ғала-ғовур ва одамларнинг юзида табассум, хурсанд бир кайфият юзага келди.
Президент айтганидек, кореялик меҳмон эртаси куни етиб келди. Асакани бугунги тараққиётига ўшанда катта орзу-умидлар билан тамал тоши қўйилган эди. Хуллас, 1996 йили 19 июлда Асака автомобил заводининг расмий очилиши бўлиб ўтган эди. Ўша пайтда халқимизнинг қанчалик қувонганлигини бугунги ёши қирқдан ошганлар жуда яхши билишади.

Биринчи Президентимиз орзу қилган машина заводи ишга тушиб дастлабки йилларда одамлар имкон қадар яхши ниятлар билан машина сотиб ола бошлади. Адашмасам, кредитга ҳам машина бериш бир муддат йўлга қўйилганди. Лекин, талаб йил сайин ошиб борди. Бундай харидоргирликдан пул қилиш орзусида бўлганлар атайлаб машина тақчиллигини пайдо қилди. Ва ниҳоят қаловини топди… Натижада “шапкачилик”, “сизу-бизчилик” гуллаб-яшнади. Турли баҳоналар ўйлаб топилди. Мени кечиринг орқам оёғингизга тегиб кетди дегувчиларнинг кетмони учди.

Шундан буён “ўйинчию-яллачилар”нинг ошиғи олчи бўлди. Бугун вазият ўзгарди. Адолат билан юзлашиш туфайли унинг тафтидан Ўз”АВТОСАНОАТ” да ҳам музлар эриди. Ва ниҳоят АҚШ доллари ва миллий сўмимизда сотилаётган автоуловлар кўплаб эътироз ва норозиликларга сабаб бўлганидан сўнг унинг сотувини юз фоиз миллий вальютага ўтказишди. Истеъмолчилар бундай ҳушхабардан жуда қисқа муддатга бўлсада ақлдан озадиган даражада хурсанд бўла олди. Афсуски, Бузоқни югургани сомонхонагача экан. Сўнг эса, харидорларнинг тушига ҳам кирмаган янги ўйин ўйлаб топилди. Минг афсуски, энди бу мусиқага ҳамманинг ҳам ўйнаши анчайи қийин масала эканлиги кундан кунга ойдинлашиб бормоқда.

Асосий масала нархларининг кескин ошиб кетганлиги, бу ҳам етмагандек ҳар ҳафтада нархлар қимирлаган қир ошар деганидек, кўтарилиб бормоқда. Умуман, машина нарх-навоси билан боғлиқ масалага эътибор қаратсангиз, бугун жаҳон бозорида унинг ўзгармас нархда бўлиши ҳам аҳамиятлидир. . (Эҳтимол адашаётгандирман. Буни мутахассислар яхши билади.) Бизда эса хорижга чиқарилаётган машиналаримизнинг нархи билан ички бозордаги баҳо ўртасида дўппини олиб ўйласанг ҳам ақлинг етавермайдиган фарққа рўбарў келасан. Албатта, билганлар мулоҳаза қилади. Ўзимизникиларга бўлаверади, чидайди, харид қилаверади деган олтин қоидани яратиб олган кўринади. Янги машина сотиб олиш орзусида юрганлар эса кўзига машина-ю, уни сотиб олиш ташвишидан бошқа нарса кўринмайди. Шунинг учун бўлса керак пул топиб, ақл топмаган вой бошим дегувчилар ҳам йўқ эмас. Бирор бир хорижликка машинамиздаги нархларнинг ҳафтада ошиши, бегонага арзону, ўзига баланд баҳода сотилаётганини ҳикоя қилиб берса, у ўлиб қолса ҳам ишонмайди.

Дунё иқтисодиётидаги инқирозлар автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарни қанчалик гангитиб қўйган бўлса, бизни корхонамиз маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб борди. Биз буни турли тахминларга йўйдик. Бугун эса машина билан боғлиқ жуда кўп нарсалар ойдинлашгани сари, машина харид қилиш орзусидаги юртдошларимизнинг боши оғриб, хаёли лойқаланган сувдек тиниб улгурмасдан вазият ўзгариб қолмоқда. Ўз мамлакатингда ишлаб чиқарилган машинани харид қилиш учун қанча сунъий тўсиқ ва муаммоларга дуч келаверсанг ечимини излаб топишга ҳаракат қиладиган саволларинг ҳам кўпайиб кетар экан. Айтишларича хорижда автодўкондан хоҳласангиз нақт, лизинг ёки кредитга узоғи билан ярим-бир соатнинг ичида исталган машинангизни хариб қилиншингиз мумкин экан. Биздаги сарсон-саргардонликни эса етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз яхши билади. Ана шу оғриқлар билан машина олиш орзусида ҳаракатланади. Сабаби ўзбекона орзу ва орият. Нима бўлса ҳам янги машинани олишим керак, душман кўзида … дейди.

Нега шундай деган савол ҳаммани қизиқтиради, агар буни ўз номи билан айтадиган бўлсак, монополистик корхонанинг хурмача қилиқлари, дейиш мумкин. Осмон узоқ, ер қаттиқ етолмайман ёрижон. Машинани ой йиллаб кутолмайман ёрижон. Шапкаси бўлса бўлар сатқаисар ёрижон… деган халқона қўшиқлар оғиздан-оғизга кўчаверади. Бир сурхондарёлик отахон айтган эди. Пули бор нималар қилмайди, пули йўқ нималар демайди деб.

Гадойнинг тўрваси тўлса дам олади. Машинафурушлик билан шуғулланаётганларни ё тўрваси тешик ёки ҳали тўлмаган.
Масала бугун бўлмаса эртага ечим топади. Ҳаммани гангитиб қўйган ҳолат машина савдосидаги нарх-наволарнинг ҳафтада гуллаб яна янгидан куртак боғлашида. Пул ва ҳужжат тайёрлаб келгунингизча нарх бир икки марта ошиши мумкин. Умуман олганда автомобил заводига рақобатчи бўлиши учун дунёнинг кўплаб брнедларининг савдо нуқталарини очса, турли йиғим ва тушумлардан келадиган даромад шубҳасиз давлат хазинасини тўлдирармиди? Тажриба сифатида ўрганлса талаб ва таклиф тезда натижасини беради. Шунда отанг бозор, онг бозор бўлади. Ажабмас, сўнг, ўйинчи ва даллолларни қозони сувга тушса. Бу ҳам бир орзуда. Айб қилмассиз деган умиддамиз.

Абдуғофур Маматов

Изоҳ билдириш