Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Таиланд устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Халқаро ўртоқлик учрашувига Тошкент шаҳри мезбонлик қилди. Унда Қатар Юлдузлар лигасида тўп сураётган легионер футболчилар — Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда Сардор Рашидов 1 тадан гол уриб, мезбонлар ғалабасини таъминлаб берди. Бош мураббий ҳар икки футболчини захирадан майдонга туширди.
Қатар чемпионатида тўп сурадиган яна икки футболчи — Санжар Шоаҳмедов ва Санжар Турсунов терма йиғинига чақирилмаган.
Мазкур беллашув ҳар икки мамлакат терма жамоалари учун ЖЧ—2018 саралашининг 8-тури олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Ўзбекистон 12 июнь куни Теҳронда Эронга қарши кураш олиб борса, таиландликлар 13 июнь куни Амирлик термасини қабул қилади.
Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов, 67 (1:0). Сардор Рашидов, 90+2 (2:0).