75

Жамоат ишлари жиноий жазонинг янги турига айланади

Жамият | Фотопроектлар 17 февраль 11:33 366

Ўзбекистонда жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари» киритилиши режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 24 февраль куни киритилаётган тегишли ўзгартишни биринчи ўқишда кўриб чиқди, деб хабар берди палата ахборот хизмати.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари»нинг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, дастлабки тергов, шунингдек фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилмоқда.

Жиноий жазолар тизимига мажбурий жамоат ишларининг киритилиши давлат раҳбарининг октябрдаги суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган. Мазкур янгилик мажбурий жамоат ишларига жалб этиш орқали ахлоқ тузатиш-тарбиявий чораларни кучайтиришга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, юқорида келтириб ўтилган фармонга мувофиқ, 1 апрелдан Ўзбекистонда қамоқ кўринишидаги жазо тури бекор қилинади, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилади.

Изоҳ билдириш