Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзни кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, 2017 йилда бу қутлуғ айёмни янада юксак савияда нишонлаш бўйича шаҳар ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унга кўра, шаҳардаги ҳар бир корхона ва ташкилотлар жамоада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларини, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини, уруш ва меҳнат фахрийларига, ёши улуғ инсонлар, таббарук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган.
21 март куни туманлар кесимида 20 дан зиёд майдон ва истироҳат боғларида махсус тайёрланган саҳналарда қадимий урф-одатларимизга хос бўлган дорбозлар, қизиқчилар, халқ театри вакиллари, аскиячилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар, цирк артистлари, бахшилар, шоирлар, шунингдек профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларининг чиқишлари ҳамда оммавий спорт ўйинлари (полвонлар мусобоқаси, арқон тортиш ва ҳоказо) ташкил этилади. Наврўз сайиллари бўлиб ўтадиган майдонлар, сайилгоҳлар, истироҳат боғларида миллий ва баҳор таомлари савдоси йўлга қўйилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Тошкентда Наврўз байрами тадбирлари ўтказиладиган жойлар рўйхати