502

Япония Ўзбекистонга шифохона ва мактаблар учун 551 минг долларлик грант ажратди

1995 йилдан бошлаб ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жами 26 044 456 долларлик 363 лойиҳа амалга оширилди

Бугун Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Нобуаки Ито «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасидаги грант шартномаларини имзолади. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Амалга оширилиши режалаштирилган 8 лойиҳа учун жами 551 132 доллари ажратилган. Грант олувчи муассасалар рўйхатидан Тошкент вилоят ўсма касалликлар диспансери, Тошкент шаҳар 3-сонли болалар клиник шифохонаси, Наманган вилоят онкология диспансери ўрин олган. Япония 11 та ижтимоий лойиҳа учун грантлар ажратди Шунингдек, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани 40-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани 2-сонли мактабгача давлат таълим муассасаси, шу тумандаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Жиззах шаҳар кўзи ожиз ва заиф болалар махсус мактаб интернати ва Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳам Япония ҳукумати грантларини қўлга киритди. 1995 йилдан бошлаб ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда тиббиёт ва таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жами 26 044 456 долларлик 363 лойиҳа амалга оширилди. Шартномаларни имзолаш маросимида Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Нобуаки Ито, элчихона ходимлари, «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури» координатори Сатору Нишизава ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Изоҳ билдириш