27

Ўзбекистондаги туризм муаммолари расман эътироф этилди

Иқтисод 14 февраль 10:01 727

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризмни ривожлантиришни қийинлаштираётган ва мамлакат сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга тўсиқ бўлаётган асосий сабабларни тилга олди. Улар Президентнинг муҳокама учун эълон қилинган республикада ўрта муддатли истиқболда туризмни ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш тўғрисидаги фармони лойиҳасида санаб ўтилган.

Ҳужжатда асосий муаммолар қаторида виза тартиби соҳасида сайёҳлар учун маъмурий ва иқтисодий тўсиқлар, сайёҳлик фаолиятида давлат назорати (лицензиялаш ва сертификатлаш) санаб ўтилган. Яшаш ва авиапарвозлар тарифларининг юқорилиги, хизмат кўрсатиш даражасининг чеклангани, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларнинг ривожланмагани, сайёҳлар учун қулай ахборот муҳитининг мавжуд эмаслиги (навигация ва инфомарказлар), малакали кадрларнинг етишмаслиги, Ўзбекистоннинг хорижда кучсиз тарғиб қилиниши ва бошқалар миллий сайёҳлик маҳсулотларининг рақобатбардош эмаслигига олиб келмоқда.

Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) маълумотларига кўра, Ўзбекистон сайёҳликдан даромад кўрувчи давлатлар ўртасида 150- ўринни эгаллаб турибди. Бунда ҳисоб-китоб қилинган салоҳияти умумий оқимнинг 2,2 фоизига тенг бўлишига қарамасдан, бу кўрсаткич 0,2 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ушбу соҳанинг мамлакат ЯИМ шаклланишидаги улуши бўйича 115, инвестициялардан фойдаланиш бўйича 103 ва соҳада бандлар сони бўйича 69-ўринни банд этиб турибди.

Республика ичида аҳолининг 5,6 фоизигина саёҳат қилади. Бунга аҳоли туризм учун сарфлайдиган молиявий маблағларнинг чеклангани, ижтимоий туризмнинг ривожланмагани ҳамда ички туризмни рағбатлантириш ва ривожлантириш бўйича давлат томонидан етарлича чоралар кўрилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

Президент фармонида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида 2017−2021 йилларда туризмни рағбатлантириш ва ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиши таклиф қилинган.

Меҳмонхоналарда жойларни банд қилишнинг интеграциялашган ягона автоматлашган тизимини ташкил этиш белгиланган.

Танлов асосида давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи йирик сайёҳлик масканларини қуриш режалаштирилмоқда.

Банкларга тадбиркорлик субъектларига меҳмонхоналар қуриш ва модернизация қилишга узоқ муддатли (15−20 йилга) имтиёзли кредитлар ажратиш таклиф қилинади. Бундан ташқари, банклар меҳмонхона ва бошқа сайёҳлик объектларида халқаро тўлов тизимлари билан ишловчи банкомат ва терминаллар сонини ошириб, хорижий валютада тўловларни қабул қилиш учун қулайлик яратади.

2018 йилда UzReport World (UzReport TV телеканали таҳририяти негизида) халқаро телеканални ишга тушириш таклиф қилинмоқда.

Изоҳ билдириш