1813

Ўзбекистон ва Россия «ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи» ҳужжатларни имзоламоқчи

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Россия турли йўналишлар бўйича кўплаб ҳужжатларни имзолашни режалаштирмоқда. Россия бош вазири Дмитрий Медведев 28 март, сешанба куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтган деб хабар бермоқда «Российской газеты» нашри.

«Келажакда нафақат савдо-иқтисодий, балки ўзаро манфаатли бошқа барча соҳаларда ҳам дўстона муносабатлар учун асос бўладиган бу келишувлар сифатли бўлиши ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада олға силжита олиши керак. Мамлакатларимиз ўзаро яқин, муносабатларимиз ҳар доим илиқ, дўстона бўлган ва биз бу муносабатлар бундан кейин ҳам изчил ривожланишидан манфаатдормиз», — деди Дмитрий Медведев.

Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, бу қадар кўп ҳужжатларнинг имзоланиши натижасида пайдо бўладиган масалаларни Шавкат Мирзиёевнинг ташрифига қадар ҳал этмоқ зарур.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарадиган, ўзаро муносабатларнинг янги даражага олиб чиқадиган бу қадар кўп ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши билан пайдо бўлиши мумкин бўлган барча масалаларни ташрифга қадар бартараф этиш керак. Бу иқтисодий масалаларга, гуманитар масалаларга ва икки мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа муҳим масалаларга тааллуқли», — деди Ўзбекистон бош вазири.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев апрель ойида давлат ташрифи билан Россияда бўлиши ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ билдириш