132

Инсофсиз дорихоналар ва уларнинг ходимлари реестрга киритилади

Жамият 27 февраль 16:46 438

Ўзбекистонда қонун ҳужжатларини бузган, шу жумладан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини белгилаш тартибини қўпол равишда бузгани оқибатида лицензияси тугатилган дорихона муассасаларининг манзиллар ва ходимлар реестри шакллантирилади. Реестрга киритилган маълумотлар уч йиллик муддат тугаганидан сўнг олиб ташланади.

Ўзбекистон Президентининг 14 февралдаги «Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга (Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 13 майда тасдиқланган) қўшимчалар киритилди.

Дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидаларига киритилган қўшимчага мувофиқ, барча дорихона муассасалари идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, белгиланган нархлари билан Ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг тасдиқланган рўйхатини давлат ва рус тилларидан кўринадиган жойга осиб қўйиши шарт.

Дори-дармон воситалари ёки тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига идентификацион маълумотлар (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори), уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текшириш учун харид қилиш ёки назорат остида олиш натижалари бўйича олинган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини белгилаш бўйича тартибни бузиш фактини тасдиқловчи товар ва касса чеклари дорихона муассасасининг лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун асослардан бири бўлиб хизмат қилади.

Изоҳ билдириш