13044

Миграция агентлиги хорижга юбориш харажат миқдорини маълум қилди

Жамият 15 июль 13:48 883

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг маълум қилишича, хорижга юбориладиган ҳар бир фуқаро тил ва қонунчилик асослари, диний ақидапарастлик ва терроризмга қарши кураш фанларидан ўқитилади ва мослаштирилади. Бу ҳақда агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Маълумот берилишича, ўқитиш ва кўниктириш Маркази учун тўлов (Тошкент шаҳридаги ётоқхонаси билан бирга) 665 449 сўм 60 тийинни ташкил қилади. Кийим-кечак тўлови – 142 000 сўм. Талабгорлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрик тўлови – 140 300 сўм. Ўз-ўзини таъминлаш асосида фаолият юритадиган агентликнинг харажатлари тўлови тўрт минимал маош миқдоридадир. Хорижга агентлик орқали фаолият юритиш учун юборишнинг бундан бошқа харажати йўқ.

Агентлик шунингдек, Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам Ассоциацияси билан ҳамкорликда Россияда ишлашни истаган фуқаролар учун қуйидаги касблар бўйича танлов эълон қилди: дазмолловчи (гладильшик), 5-6 разрядли кийим бичувчи, бригадир (бригада бошлиғи), тўқиш-тикиш ускуналари оператор – механиги, 4-5 разрядли тикувчи, кеттелловчи (ҳошияловчи), тўқиш ускуналари оператори.

Хабарда айтилишича, иш ҳақи ишбай (бригаданинг режани бажаришига қараб) бўлиб, 500 доллар ва ундан юқори.

Номзодлардан рус тилини қониқарли даражада билиш, интизомлилик, ишлаб чиқариш режасини бажариш, озодалик, зарарли одатларнинг йўқлиги талаб қилинади.

Юқоридаги йўналишларда хорижда меҳнат фаолиятини юритиш истагида бўлганлар Ташқи миграция агентлигининг +998 71 202 33 44, +998 71 202 33 55, +998 71 202 33 66, +998 71 202 33 88, +998 71 202 33 99 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 4-5 апрел кунлари Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясига ташрифи давомида Ўзбекистон фуқароларини Россия корхоналарига турар жой, тиббий суғурта билан таъминланган ва ҳуқуқлари кафолатланган ҳолда, ташкиллаштирилган тартибда ишга таклиф қилиш ҳақида келишиб олинган эди.

Изоҳ билдириш