12978

Гўшт нега қимматлашди?

Иқтисод 14 июль 16:45 1 095

Айни кунларда республика бўйлаб гўшт нархининг ошиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. “Даракчи” нашри  мазкур ҳолат бўйича суриштирув ўтказиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилди.

Суриштирувларда маълум бўлишича, пойтахтнинг Чорсу деҳқон бозорида лахм гўштларнинг нархи 1 кг — 35 000 сўмдан 36 000 сўмгача, суякли гўштлар эса 28 000 сўмдан 30 000 сўмгача сотиляпти (ўтган ойда айни шу турдаги, яъни суяксиз лахм гўшт 28 000, суяклиси эса 25 000 сўмдан харидорларга етказилган). Суяксиз от гўшти 25 000 — 30 000 сўм; жигар 20 000 сўмдан 22 000 гача; қази 52 000 (хоми ҳам, тайёри ҳам); қийма 20 000 сўмдан 25 000 сўмгача.

“Қўйлиқ” деҳқон бозорида ҳам лахм гўштлар 30 000 сўмдан 32 000 сўмгача нархда сотилмоқда. Сотувчининг таъкидича, ўтган ойда айни шу турдаги гўштлар 25 000 сўмдан 28 000 сўмгача харидорларга етказилган.

Катта савдо марказларда 1 кг лахм мол гўшти — 39 490 дан 39 990 гача, қўй гўшти 28 000 — 31 990 сўмгача нархда савдога қўйилган.

Қассоблар нархлардаги бундай ўзгаришларни вилоятлардан мол олиб кириш қийин бўлаётгани, чорва моллари учун ем-хашакларнинг нархи ҳам кўтарилгани билан изоҳлашмоқда.

Гўшт нархи нега ошаётгани ҳақидаги саволга «Ўзбекозиқовқатхолдинг» томонидан қуйидагича жавоб берилди:

— Бозор иқтисодиёти шароитида гўшт нархи талаб ва таклиф, шунингдек уни ишлаб чиқариш ҳаражатларидан келиб чиқиб белгиланади. Шу муносабат билан бозорда гўшт нархи ишлаб чиқарувчилар (хўжалик субъектлар) томонидан белгиланади.

Нарх ошишига олиб келаётган омиллар орасида қуйидагилар келтирилади:

Мавсумий омиллар. Аксарият чорва моллари шахсий томорқаларда эканлигини инобатга олиб, баҳорда моллар яйловларга юборилади. Молларнинг озғинлиги боис уни сўйиш камаяди. Натижада гўштнинг харид нархи ошиб кетади.

Ем нархининг ошиши. Озуқа маҳсулотларининг баҳоси қимматлиги ҳам гўшт нархи ошишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Товар хома ашё биржасининг жорий йил 15 июнь маълумотларига кўра, омухта емга 2017 йил 5-9 июнда белгиланган нархлар 1 тонна учун 556 624 сўмни ташкил этмоқда. Демак, 1 кг  омухта емнинг нархи 556 сўм, яъни ўсиш кузатилган. Кунжара, яъни пахта чигити шротининг нархи ҳам жорий йил 5-9-июн саналарида 1 тонна учун 971 499 сўм қилиб белгиланган. Бу 1 кг учун 971 сўм дегани.

Бу озуқа маҳсулоти эса арзонлашгани қайд этилган. Арпанинг нархи худди шу даврлар учун 1 тоннага 595 404 сўм белгилангани ҳолда, бунда ҳам нархнинг арзонлашгани кўрсатилган. Бироқ жойларда 1 кг омухта емнинг ўртача нархи 1800 сўм, кунжараники 2200 сўм, арпаники эса 1200 сўм экан. Кўриниб турибдики, давлат томонидан белгиланган ва чорвадор харид қилаётган ҳақиқий нархлар ўртасидаги каттагина тафовут бор. Гўшт қимматлашаётганига бу ҳам бир сабабдир, эҳтимол.

Нархнинг ошишига сабаб бўлаётган яна бир омилни ҳам қайд этиш лозим. Яқингача Ўзбекистонда гўшт экспорти тақиқ остида бўлган бўлса, бугун Президентнинг “Маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан гўшт ва гўшт маҳсулотларини четга олиб чиқиш имкони пайдо бўлган. Айни дамда товуқ гўштини экспорти бўйича Қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу муносабат билан ушбу маҳсулотнинг ҳам нархи ошиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Изоҳ билдириш