12931

Президентга мурожаат: Самарқандда бемор «Тез ёрдам» юборилмагани туфайли вафот этган

Долзарб янгилик | Жамият 14 июль 13:36 1 793

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида рўй берган кўнгилсизлик ҳақида гапириб, бу кўнгилсизликка сабабчи бўлган масъулиятсиз тиббиёт ходимидан шикоят қилган фуқоронинг Президент виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаати нусхаси «Кун» таҳририятига келиб тушди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович!

Мен сизга Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан мурожаат қилмоқдаман. Ўтган ойда, аниқроғи жорий йилнинг 11 июнь санасида, дадам Муродов Темир вафот этди. Дадам узоқ йиллар давомида халқ таълими тизимида меҳнат қилиб келган, бир неча медаль ва мукофотлар, жумладан халқ таълими аълочиси унвони билан тақдирланган. Рус тили фани бўйича ўқитувчи, туман халқ таълими бўлимида методист бўлиб ишлаганди. Узоқ йиллар туғилиб ўсган юрти учун хизмат қилди. Шу тумандаги бир неча мактабларда дарс берди. Кўпчиликнинг маърифатли билимли бўлиши учун қўлидан келганча ёрдам берди. Ўзидан жуда кўплаб шогирдлар қолдирди. Маъракасига келган кўпчилик дадамни фақат яхши хотиралар билан эслади. Уларнинг туман халқ таълимига қўшган ҳиссасини ёдга олишди.

Дадам 65 ёшда эди. Етти нафар қизини келин сифатида чиқаришга улгурдилар-у, лекин икки нафар ўғилларини уйлантиришга улгурмадилар. Балки катта ўғилларини тўйини кўришлари мумкин эди. Яхши ният билан август ойига тўй белгиландик. Аммо ўша кунларни кўриш дадамга насиб қилмаган экан. Балки насиб қилиши ҳам мумкин эди. Лекин баъзи масъулиятсиз, ўз касбини суиистеъмол қиладиган шифокорлар сабаб ҳам шундай оғир кунларни бошимиздан ўтказишга мажбур бўлдик.

Ҳурматли, Шавкат Миромонович, Сизга мурожаат қилишимнинг асосий сабаби ҳам шунда. Сизнинг сўнгги вақтларда тиббиёт соҳасида амалга ошираётган ишларингиз, соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш учун чиқараётган турли қонун ҳужжатларингиз бу соҳанинг тараққий топишига хизмат қилмасдан қолмайди.

Аммо орамизда шундай шифокорлар борки, бугунги жуда катта ўзгаришлар бўлаётган ва бунданда катта ўзгаришлар арафасида турган соҳани нафақат ортга тортмоқда, балки соҳа номига доғ тушириб келмоқда. Бу каби масъулиятсиз ходимларнинг эътиборсизлиги, ўз ишига виждонан ёндашмаслиги туфайли жуда кўпчилик жабр чекади…

10 июнь куни кечга яқин дадамнинг тоби қочди. 103 қисқа рақамига телефон қилиб “Тез ёрдам” чақиришимизга тўғри келди. Етиб келган навбатчи доктор дадамнинг ҳолатини кўриб, зудлик билан шифохонага олиб бориш зарурлигини, пешоб ташқарига чиқмасдан танага ёйилиб кетгани, буйрак ишдан чиқа бошлаганини (касалнинг тиббий тилда қандай номланиши билмайман) тезлик билан операция қилиб, танадан сув олиш кераклигини ва киндик яқинидан махсус труба орқали пешоб кетиб туришини таъминлаш кераклигини тушунтирди. Ўзини Баҳриддин деб таништирган шифокор (фамилиясини билмайман) ўз ишини сиқдилдан бажаришга ҳаракат қилди. Лекин дадамнинг аҳволи сабаб уни “Дамас” русумидаги “Тез ёрдам” автомобилда олиб кетишнинг иложи йўқлиги маълум бўлди. 5 км. узоқликдаги шаҳар марказий тиббиёт бирлашмасига етиб боришга, йўлнинг, машинанинг яхши эмаслиги сабаб, дадамнинг кучи етмаслиги маълум бўлди. Доктор аввалига “Дамас” русумли тез ёрдам машинасида бўлсада, дадамни шифохонага олиб кетмоқчи бўлди, аммо бунинг иложи бўлмади. Дадам машинада оғирлаша бошлади. Поччамга тегишли «Нексия» автомобилида ҳам худди шундай муаммога дуч келинди. Шунда шифокор Баҳриддин ака яхши маслаҳат берди.

Сизнинг, соҳада олиб борган турли ислоҳотлари сабаб, соҳадаги модернизация ишлари туфайли чекка туманларнинг ҳар бирига махсус, ўта замонавий тиббиёт қулайликлари билан жиҳозланган “Ниссан” русумидаги махсус автомобиллар берилган. Ундаги инфратузилма билан оғир аҳволдаги беморларга ҳам етарлича ёрдам кўрсатиш мумкин экан. Кўнглимиз бироз таскин топди. Баҳриддин ака навбатчи постга телефон қилиб, “Ниссан”га эҳтиёж борлигини айтиб, шахсан ўзи вазиятни тушунтирди. Аввалига барчаси кўнгилдагидек эди. Чақирув бўйича машина етиб келиши керак эди. Бу орада 103га бошқа чақирувлар бўлгани сабаб, дадамга дастлабки муолажаларни кўрсатган ва пешоб ҳайдовчи укол қилган Баҳриддин ака чақирув бўйича бошқа жойга кетишга мажбур бўлди. Шунда поччам (Нурали Йўлдошев) доимий алоқада бўлиб туриш учун ўзини Иштихон туман тиббиёт бирлашмасининг Тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Қобилов Сайдулла деб таништирган шифокор билан телефон орқали гаплашди. Аввалига у 20-30 дақиқа ичида “Тез ёрдам” машинаси етиб боришини айтди.

Бу орада дадамнинг аҳволи яна оғирлаша бошлади. Поччам билан, “балки докторларни шу ерга олиб келармиз, бунинг иложи бордир”, деган мақсадда, қишлоғимизда яшовчи Туман тиббиёт бирлашмасининг Даволаш бўлими бошлиғи Эшниёзовнинг хонадонига бориб, ундан ёрдам сўрадик. Эшниёзов ўзи жарроҳ бўлмагани боис, фойдаси тегмаслигини айтиб, бора олмаслигини тушунтирди ва жарроҳлик амалиётини ўтказиши мумкин бўлган, қайсидир докторлар билан телефон орқали гаплашиб вазиятни тушунтирди. Улардан бири, иш вақти тугаганини ва ҳозир бошқа жойда экани учун бора олмаслигини айтди. Шифохонада навбатчи бўлган жарроҳ-доктор эса, иш жойини ташлаб кета олмаслигини, агар бемор олиб келинса, уни албатта операция қилишини тушунтирди. “Агар “Ниссан” борса бемалол етиб келишини” қўшимча қилди. Хуллас бу ўйлаган умидимиз ҳам амалга ошмади.

Шундан сўнг, биз уйга қайтиб, яна ўша 103 рақамига қўнғироқ қилиб, “Ниссан” русумли автомашинага чақирув юборилганини эслатдик. Ўша куни навбатчи қисмда бўлган Қобилов машина “йўлга чиқиб кетгани, тез орада етиб боришини” яна бир марта қайтарди. Орадан анча вақт ўтганига қарамай машина етиб келавермади. Биз яна телефон қилишга мажбур бўлдик. Яна ўша жавоб янгради. Кўп ўтмай, бундан бир соатча олдин келган “Дамас” русумли машинадаги “Тез ёрдам” бизга қайтиб етиб келди. Баҳриддин акадан “Ахир биз, “Ниссан”ни чақиртиргандикку, деганимизда у навбатчига телефон қилгани ва “Ниссан” бошқа беморларга ёрдам кўрсатиш учун кетгани сабаб, етиб келгунига қадар келишга мажбур бўлганини айтди. Шу орада навбатчи шифокор Баҳриддин аканинг ўзини ҳам “сабр косаси тўлди”, шекилли “Ниссан” тез ёрдам машинаси шофёрига телефон қилиб, ҳозир қаерда эканликлари, қачон етиб келиши мумкинлиги билан қизиқди. Ҳамма томоша шундан кейин бошланди.

Гўшакни олган “Ниссан” шофёри, машина билан белгиланган жойда турганини, ҳеч қандай чақирув билан, ҳеч қаерга бормаганини айтди. Оддий тушунтирганда, ҳеч нарсадан хабари бўлмаган ҳайдовчи кутилмаганда, бошлиғи — жаноб Қобиловнинг ёлғон гапирганини бизга билдириб қўйганди. Шунда биз яна дарҳол Қобиловга чиқиб, “машина ҳеч қаерга чиқмаганини, нега бизни алдаб умидвор қилиб ўтирганини ва қилаётган иши учун изоҳ” сўрадик. Ана шундан сўнг Қобилов Сайдулла бутунлай ўзгарди ва сири фош бўлгач, ўзини оқлашга ўтди. “Менга нима дейсизлар? Машинанинг бензини йўқ. Бормайди”. “Нега бизни, унда боради деб, ишонтирдингиз”, деб сўраганимизда. Ана “Дамас” бордику бўлдида, дейиш билан жавоб қайтарди. Шундан сўнг, унга вазиятни яна қайтадан тушунтира бошладик. “Дамас” билан, умуман бошқа енгил транспорт билан беш километр масофага беморни етказиб бўлмаслигини, “Тез ёрдам” доктори билан, мутахассис билан ҳам бу ишни эплай олмаганимизни, чунки бунинг учун “Дамас”да имконият йўқлигини тушунтирдик.

“Сизлар ким бўлибсизларки, менга буйруқ бергандек гапиряпсизлар? Бирорта катта лавозимда ишлайсизми, “битта машина йўқ” дегандан кейин ҳам менга қайта-қайта телефон қилиб, юборишимизни сўраяпсизлар? Машина бормайди дедимми, бормайди! Керак бўлса, ўзларинг қанақа қилиб бўлмасин, олиб келинглар. Мени ишим йўқ” деб сўзида туриб олди. Бўлим бошлиғининг гапларидан ҳаттоки Баҳриддин аканинг ҳам жаҳли чиқиб кетиб, ўзининг бошлиғи бўлишига қарамай, телефонни олиб Қобилов билан гап талашиб кетди: “Ака, нимага тушунмайсиз, бу ерда бир бемор жон билан талашяпти. Қанақасига шу пайти ёқилғи тугаб қолиши мумкин? Нега жўнатмайсиз? Нима учун берилган у машина?” деб ўз бошлиғига бақирди. Лекин бу ўзини “Хоҳлаганингизга мурожаат қилаверинг, қўрқмайман” деб катта кўрсатган Қобиловга ҳеч қандай таъсир қилмади. Шундан кейин дадамни қандай қилиб бўлмасин шифохонага етказиш мақсадида шу шароитда ҳам олиб кетишмоқчи бўлишди. Аммо докторнинг тушунтириши бўйича пешобнинг танага тарқалиб кетиши натижасида ўткир юрак қисилишига учраётган дадам сал ортиқча ҳаракат қилса ҳам ҳушини йўқота бошлади. Докторнинг пешоб қувиш учун қилган уколлари, берган дорилари умуман таъсир қилмай қўйди ва натижада 11 июнга ўтар кечаси дадамнинг жони узилди. Баҳриддин ака ёрдамчиси билан сўнгги дақиқаларгача дадамни қутқариб қолиш учун ҳаракат қилди. Юракни массаж қилиб, сунъий нафас бериш орқали қилинган уринишлар зое кетди…

Балки дадам операция жараёнидан соғ бўлиб, чиқа олмаслиги, ёки кейинчалик ҳам тузалиб кетмаслиги мумкин эди. Буни тушунаман. Аммо бошқа докторлар аниқ умид бор деб турганида, қўлидан келганича ёрдам бериб турганида, нега Қобилов каби инсонлар ўз мансаб лавозими суиистеъмол қилиб, ўлим билан курашаётган бир бемор ҳаётига бепарво бўлиб кузатиб ўтириши керак? Мана шундай “Ниссан” русумли автомобиллар давлатимиз томонидан ким учун ажратилган? Қандай қилиб, бутун бошли туманга хизмат қилувчи автоуловнинг ёқилғиси тугаб қолса? Агар ростан тугаб қолса, нега Қобилов буни бошидан айтмади? Наҳотки, шифокорликнинг энг масъулиятли қисми бўлган “Тез тиббий ёрдам” хизматига мана шундай ёлғончи, иккиюзламачи кишилар раҳбарлик қилса? Гиппократ қасами қайда қолди? Докторлик касбининг масъулияти қайда қолди? Ўтирган жойида бемалол ёлғон гапириб, жон билан курашаётган беморга бир сафар “ҳозир етиб боради”, деган машинаси сири очилиб қолгач, “бензин йўқ”лигини баҳона қилиб билган ишини қилса.

Бугунги кунда Ўзбекистонда тиббиётга берилаётган эътибор қанчалик юқори эканини кўриб турибмиз, ТВда кўряпмиз, матбуотда ўқияпмиз. Соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, шифокорларимизнинг масъулиятини янада ошириш учун айтаётган гапларингизни, амалга ошираётган ишларингизни инобатга олмасдан, “билганини қилиб юрган” бу каби раҳбарлар қандай қилиб бутун бошли туман “Тез ёрдами”га раҳбарлик қилиб юрибди? Ким уларни шу лавозимга тайинлаган? Бўлаётган шунча ўзгаришларга соя солаётган бундай қўштирноқ ичидаги раҳбарлардан қачон қутуламиз?

Дадамгача бўлган ва ундан кейин ҳам бўлган баъзи воқеалар қулоққа чалиндики, Қобиловнинг бу биринчи “хурмача қилиқлари” эмас экан. Майли дадам дунёдан ўтди. Ҳеч бир нарса бўлиб ўтган воқеаларни ортга қайтара олмайди, дадам ҳам орамизга қайтмайдилар. Аммо бундан кейинги дадамга ўхшаган беморларчи? Уларнинг аҳволи нима кечади? Қобиловга ўхшаган раҳбарнинг “ўзбилармонлиги” билан бошқалар жабр кўрмайдими? Қачонгача бу каби ҳолатлар такрорланади?

Бу мурожаатни ёзиш учун узоқ ўйландим. Энди дадамни ҳеч нима қайтара олмаслигини билиб, кўп бора бу фикримдан қайтдим. Аммо келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги, бошқалар биз каби жабр кўрмаслиги учун бу мурожаатни барибир ёзишга қарор қилдим. Зеро Сиз бошчилигингизда амалга оширилаётган шунча ишларга мана шундай Қобилов сингари “раҳбарлар” келгусида соя солмаслиги керак. Шифохонада, инсон ҳаёти билан курашадиган даргоҳда ўз ишининг ҳақиқий усталари, масъулиятни биринчи ўринга қўядиган инсонлар ишлаши керак. Шунда қилинаётган ишлар кўзга ташланади. Шунда ҳақиқий маънода ўзгариш бўлади. Олиб бораётган ўзгаришларингиздан миннатдор бўлаётган биз каби халқ, шунда сиздан янада миннатдор бўламиз. Ҳар бир соҳада Сизга ўхшаган ўз ишига сидқидилдан, масъулият билан ёндашадиган мутахассислар ишласа, барча соҳаларда, тиббиёт соҳасида ҳам кескин ривожланиш бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Бу ёзганларимга жуда кўпчилик Иштихон тумани аҳолиси қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман. Кўпчилик номидан, биринчи навбатда кичик туманимиз номидан ҳудудимиз тиббиётида адолатли, жонкуяр инсонлар ишлашида, масъулиятсиз, ўз лавозимини суиистеъмол қиладиган ходим ва раҳбарлардан фориғ бўлишда кўмак беришингизни илтимос қиламан!

Сизга чексиз эҳтиром билан, Иштихон тумани фуқароси Ҳаётжон Темиров.

Изоҳ билдириш