12601

«Пахтакор» стадиони ўрнида янги стадион қурилади

Спорт 11 июль 16:38 792

«Пахтакор» футбол клубининг стадиони бузиб ташланиб, икки йил ичида унинг ўрнида янги стадион қурилади. Бу ҳақида клуб президенти Бобур Шодиевга асосланиб Podrobno.uz хабар қилди.

Шодиевнинг сўзларига кўра, янги стадион 30 минг нафаргача мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. У энг замонавий технологиялар асосида қурилган, мамлакатдаги усти тўлиқ ёпилувчи иккинчи стадионга айланади.

«Лойиҳа тайёрлаб қўйилган ва яқин орада ҳукуматга тақдим этилади. Ўйлашимча, ушбу лойиҳа қўллаб-қувватланади. Молиявий таъминотимиз мавжуд, лойиҳанинг тахминий қиймати аниқ бўлган, ҳозирда техник ҳолатлар устида ишлаяпмиз», – деди Шодиев.

У лойиҳанинг қиймати ҳақида маълумот бермади.

Клуб матбуот хизмати эса «Пахтакор»2018 йил охирига қадар «Жар» спорт мажмуасини ижарага олганини маълум қилди. Жамоанинг асосий машғулотлари «Жар» стадионида ўтказилади.

«Пахтакор» стадиони 1956 йилда қуриб битказилган бўлиб, унга 35 минг томошабин сиғади.

Изоҳ билдириш