12403

Банклар ликвидлигига қўйиладиган талаблар ўзгартирилди

Иқтисод 10 июль 10:59 431

Марказий банк “Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низомга (№2709, 13.08.2015 й) “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасига асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритди, деб хабар қилди МБ матбуот хизмати.

Жумладан, мазкур низомнинг 43-банди “Банклар мажбуриятларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида лаҳзали ва жорий ликвидлилик меъёрларини бажаришлари лозим”, деб ўзгартирилди ва тегишли бандлар киритилди.

Хусусан, “жорий ликвидлилик коэффициенти жорий активлар суммасини (тўлов муддати 30 кунгача бўлган банкнинг ликвидли активлари ва қўйилмалари, бундан муддати узайтирилган ёки қайтариш муддати ўтган кредитлар мустасно) жорий мажбуриятлар (талаб қилиб олингунча ва ижро этиш муддати 30 кунгача бўлган мажбуриятлар) суммасига нисбати орқали аниқланади ва 30 фоиздан кам бўлмаслиги лозим”, дейилади ҳужжатда.

Ҳужжатда баён этилишича, “лаҳзали ликвидлилик коэффициенти банк кассасидаги нақд пул ва бошқа тўлов ҳужжатлари ҳамда банкнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларидаги маблағлари (бундан Марказий банкдаги мажбурий захира ҳисобварағи ва мажбурий захиралар депозитларидаги маблағлар мустасно) суммасини ушбу Низомга илова қилинган ҳисобварақларнинг қолдиқлари – талаб қилиб олингунча мажбуриятлар суммасига нисбати орқали аниқланади.

Лаҳзали ликвидлилик коэффициентини ҳисоблашда фақат Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги маблағлар инобатга олинади.

Лаҳзали ликвидлилик коэффициенти 2017 йил 1 августдан бошлаб 10 фоиздан, 2017 йил 1 ноябрдан бошлаб 15 фоиздан, 2018 йил 1 январдан бошлаб 20 фоиздан кам бўлмаслиги лозим”.

Изоҳ билдириш