12357

Қашқадарёда «ўлиб-тирилган» бола ҳақида расмий ахборот берилди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бемор Муҳаммаджон Рашидовнинг ҳолати юзасидан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловнинг ахборотини эълон қилди.

Илгарироқ ижтимоий тармоқлар ва сайтларда Муҳаммаджон Рашидовнинг шифокорлар томонидан «вафот этди» деб унинг бувисига топширилгани, бироқ чақалоқ жанозаси вақтида «тирилгани» ҳақида турли хабарлар тарқалган.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маълумотига кўра, 2017 йил 14 май куни туғилган Муҳаммаджон Рашидов 10 июнь куни Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига «Марказий нерв тизимининг перинатал зарарланиши. Чақалоқлар гемолитик касаллиги. Ҳомила ичи инфекцияси» ташхиси билан оғир аҳволда чақалоқлар жонлантириш бўлимига қабул қилинган. Шундан сўнг барча лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилган. Реанимацион ва интенсив даво муолажалари қўлланилганига қарамай, бемор аҳволи ўта оғирлигича қолган.

Охирги вақтларда беморда қўшимча равишда қорин таранглашиши, дам бўлиши, қориннинг катталашиши, ич келмаслиги, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш каби белгилар кузатилган. Шундан сўнг бемор жарроҳлар томонидан қайта консультация қилинган ва унга «Ярали некротик энтероколит, йўғон ичак стенози, перитонит» ташхиси ҳам қўйилган.

Ахборотда айтилишича, бундай вазиятда оператив даво лозим бўлади. Аммо чақалоқнинг аҳволи оғирлиги боис операция катта хавф остида қилиниши бемор яқинларига тушунтирилган. 28 июнь куни Муҳаммаджон Рашидовнинг онаси тилхат асосида операцияга розилигини билдирган. Шу куни соат 15:30дан бемор операцияга тайёрлана бошланади ва соат 17:00 дан 18:50 гача жарроҳлик амалиёти бажарилади.

Ушбу амалиётдан сўнг «Сепсис. Ҳомила ичи инфекцияси. Ярали некротик-гангреноз тотал энтероколит. Йўғон ичаклар ва ингичка ичак яраларининг перфорацияси. Тарқалган нажасли-йирингли-фибринли перитонит. Эндотоксикоз» ташхиси қўйилади.

Шифокорларнинг барча амалий чораларни кўришига қарамасдан бемор аҳволи оғир бўлган. Жарроҳ ушбу мураккаб вазиятни беморнинг қариндошларига тушунтирган. Шундан сўнг беморнинг бувиси болани уйга олиб кетмоқчи бўлади. Шифокорларнинг рухсат бермаслигига қарамай, тилхат асосида 28 июнь куни соат 19:30 да Муҳаммаджон Рашидовни уйга олиб кетган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг таъкидлашича, бемор уйига олиб кетилаётганда ижтимоий тармоқларда тарқалганидек вафот этган эмасди, у тирик бўлган. Бу ҳақда беморнинг бувиси Шаҳноза Ҳамидова тилхат ҳам ёзган. Бола вафот этгани ҳақидаги хулоса унинг яқинлари томонидан қилинган ва бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар берилмаган.

Бемор шифохонадан олиб кетилган куннинг ўзидаёқ соат 22:30 – 23:00 ларда Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига уни яна қайтариб олиб келишган ва даво муолажалари давом эттирилган.

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази болалар жарроҳи И.Каримов бемор Муҳаммад Рашидовнинг барча таҳлил натижалари ва касаллик тарихи билан танишиб, консультация қилди. У ташхис тўғри қўйилгани ва барча муолажалар стандарт асосида олиб борилганини қайд этиб, қўшимча тавсиялар берди.

Ахборотда бемор ҳозирда жонлантириш бўлимида эканлиги, даво муолажалари давом эттирилаётгани маълум қилинган.

  • МУХАММАДЖОННИНГ УМРИ УЗОК БУЛСИН! шАРХЛОВЧИЛАР ЖАНОЗА УКИЛГУНЧА ТИРИКЛИГИ АНИКЛАНИБДИ ДЕСА,ВИЛОЯТ ССБ БОШЛИГИ МОМАСИ КАЙТИБ ОЛИБ КЕЛДИ ДАВОЛАШНИ ДАВОМ ЭТТИРМОКДАМИЗ ДЕЙШДИ. КИМГА ИШОНИШ КЕРАК.

Изоҳ билдириш