12260

Ўзбекистонлик яна икки футболчи чет эл жамоаларида тўп суради

Спорт 7 июль 12:38 592

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби иқтидорли ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг “Краснодар” жамоасига ўтиши мумкин. Маълум бўлишича, 22 ёшли футболчи билан музокара жараёни деярли якунига етиб қолган ва Шомуродов шу ёзда катта эҳтимол билан “қалдирғочлар” сафини тарк этади.

Маълумот учун, у “Бунёдкор” сафига 2014 йилда қўшилган бўлиб, ҳозирда жамоанинг етакчиларидан бири ҳисобланади. Футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги дебютини эса 2015 йили ўтказган.

Экспертларнинг маълум қилишича, Элдорнинг трансфер қиймати 600 минг евро атрофида бўлиши мумкин.

Шунингдек, 2017 йил мавсумини Эроннинг “Машинасози” жамоасида ўтказган ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Азиз Ибрагимов фаолиятини Латвиянинг “Спартак” клубида давом эттиради.

Тажрибали футболчи 2007–2011 йиллар давомида Ўзбекистон терма жамоаси сафида тўп суриб, 17 учрашувда 3 та гол киритишга муваффақ бўлган.

‘Эслатиб ўтамиз, “Спартак” клуби 2007 йилда ташкил этилган. Ўтган мавсумда ўз тарихида биринчи марта Латвия чемпиони бўлди ва Европа Чемпионлар Лигаси саралаш босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлган. Юрмалаликлар ЕЧЛдаги иштирокини 2-саралаш босқичидан бошлайди.

Изоҳ билдириш