11635

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги тўқимачилик баённомаси кучга кирди

Иқтисод | Узбекистан 2 июль 15:25 384

Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга 2011-йил 7-апрелда имзоланган «Тўқимачилик баённомаси» 2017-йил 1-июлдан бошлаб кучга кирди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

«Мамлакатимизда тўқимачилик соҳасини ривожлантиришга муҳим эътибор берилаётганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ҳужжатнинг кучга кириши мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятни оширишда ва миллий тўқимачилик маҳсулотларимизнинг Европа бозорларига кириб боришида катта амалий аҳамиятга эга», — дейилади хабарда.

Хусусан, ушбу ҳужжат Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида тўқимачилик маҳсулотлари савдоси учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши қайт этилган.
Бунда транзит ташишда, Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига қўлланилаётган божхона ва солиқ тўловларига нисбатан ўзаролик асосида энг қулай режимни йўлга қўйиш ҳамда ушбу турдаги маҳсулотлар савдосидаги миқдорий чекловларни олиб ташлаш назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабр ойи ўрталарида Европа Парламенти Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага тўқимачилик протоколини қўшишни ратификация қилган эди. Европарламентнинг қайд этишича, мазкур қарор Ўзбекистон томонидан Европа депутатларининг пахта теримида болалар кучидан фойдаланмаслик тўғрисидаги талабаларини бажарганлиги сабабли қабул қилинганди.

Изоҳ билдириш